
Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатда демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ишлари реал ва аниқ натижаларга олиб келганини қайд этди.
Сўз ва эътиқод эркинлигидаги чекловлар олиб ташланди, очиқлик ва шаффофлик таъминланди. Давлат органларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги одатий ҳолга айланди.
– Мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнати буткул барҳам топди, – деди Т.Норбоева. – Бу халқаро даражада тан олинди. Иқтисодий муҳит ўзгарди, тадбиркорлик учун кенг шароитлар яратилди. Натижасида ўтган йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди.
Иқтисодиётимизга ўтган йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспорт ҳажми 19 миллиард долларга етди.

Уй-жой қурилиши соҳасида охирги олти йилда 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилди. Жорий йилда аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмини 1,5 баробар ошириб, 90 мингга етказиш белгиланган.
Ижтимоий соҳа умуман янги қиёфа олди. Мактабгача таълим қамрови 5 йил олдинги 27 фоиздан 70 фоизга етди. Бу йилнинг ўзида 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5,3 миллионга етди. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланмоқда, 5 йилда уларнинг сони мингтага етказилади.
Олий таълим муассасалари 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. 41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди, уларда трансформация офислари очилди. Талабалар учун имтиёзли таълим кредитлари 2 баробар кўпайтирилиб, 2023 йилда 1,7 триллион сўм ажратилади. Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп.
Тиббиёт соҳасида бу йилда қўшимча 140 оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, олис ва чекка 520 маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади. 15 мингга яқин онкологик беморларни нур ёрдамида даволаш учун ДХШ асосида Радиология марказлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА