English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари эксперт таҳлилида
15:23 / 2023-07-22

“Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши: устувор вазифа ва истиқбол” давра суҳбатида иштирок этган Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Сарвар Раҳматуллаев ЎзА мухбирига берган интервьюсида давлатимиз раҳбарининг Жидда саммитида илгари сурган ташаббуслари юзасидан фикр билдирди.

– Саммитда Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Қардош давлатлар ва халқларимизни бир-бирига яқинлаштириш мақсадида Ўзбекистон етакчиси томонидан кўп томонлама Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик битимини ишлаб чиқиш масаласи таклиф этилгани аҳамиятли.

Ушбу ҳужжат сиёсий ва иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш, айниқса, хавфсизлик соҳасидаги шерикликни, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо-сотиқ, маданий-гуманитар қадриятлар алмашинуви, ҳамкорликда илмий-тадқиқот олиб бориш, туризм ва таълим дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашади.

Давлатимиз раҳбари Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратиб, бу мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатмасдан туриб, нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни ҳам таъминлаш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича кўрфаз мамлакатлари билан позицияни мувофиқлаштириш ва қатъий қарорга эришиш умумий хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, автомобиль ва темир йўллар қуриш, қувур ётқизиш, минтақавий ва трансминтақавий савдони ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилиши аниқ.

Шу муносабат билан икки минтақанинг афғон муаммосини ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатини бирлаштириш ушбу мамлакат аҳолиси ҳаётини яхшилашга муносиб ҳисса қўшади. Бундан ташқари, Президентимиз саммит давомида Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган терроризм, экстремизм, радикализм, исломофобия кўринишларига биргаликда қарши курашиш ва бу борада амалий қадамлар қўйиш ташаббусини ҳам кўтарди.

Айни таклиф охирги йилларда турли гуруҳлар ислом таълимотини бузиб, бағрикенглик тамойилидан узоқлашаётгани билан боғлиқ. Фикримизча, кучларни бирлаштириш, радикализм ва экстремизм ғоялари тарғиботига қарши биргаликда курашиш умумий динимиз – Исломни нотўғри талқин қилишнинг олдини олиш баробарида, бундай таҳдидлар интернет ва бошқа воситалар орқали ёшлар орасида тарқалишидан асрайди.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.