
Ҳар йили 15 май куни жаҳон миқёсида "Халқаро оилалар куни" кенг нишонланади. Мазкур байрам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ 1994 йилнинг 15 майидан буён мунтазам равишда нишонланиб келинади.
Мамлакатимизда ҳам ушбу кун муносабати билан кўплаб маънавий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилади. Хусусан, 13 май куни Чирчиқ шаҳридаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан Аёллар спорт фестивали бўлиб ўтди. Чирчиқ шаҳар оила ва хотин қизлар бўлими томонидан ташкил этилган мазкур фестивалда Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Ҳидоятов иштирок этди. Унда шаҳардаги барча маҳаллалардан 100 нафардан ортиқ хотин-қиз спортнинг стол тенниси, волейбол, шахмат-шашка турлари бўйича беллашди.


Чирчиқ шаҳар ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Юлдуз Жумаеванинг таъкидлашича, Халқаро оила куни муносабати ташкил этилган спорт фестивалини ўтказиш ҳар йили анъанага айланган бўлиб, мусобақалар дастлаб шаҳардаги 44 та маҳаллада ўтказилган ва эндиликда секторлар аро финал босқичи бўлиб ўтмоқда.
Мақсад эса уйда ўтирган хотин-қизларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши, тўғри овқатланиш сингари кўникмаларини ошириш, қолаверса, жисмоний тарбия ва спорт орқали уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Ўзига хос муросасиз ва юқори кайфиятда ўтган спорт фестивали якунида ғолиблар муносиб тақдирланди.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади