English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро далаларида янги авлод пахта териш машиналари
10:46 / 2024-09-18

Бухоро вилоятига Хитойнинг “Boshiran” компаниясида ишлаб чиқарилган 2 та 2 қаторлик, 10 та 4 қаторлик Boshiran 4 MZ-2А русумли, шунингдек, ўзимизда ишлаб чиқарилган 2 та 2 қаторлик “CASE JX 220” русумли пахта териш машиналари келтирилди.

Boshiran 4 MZ-2А 2 қаторлик пахта териш машинаси кунига 15-20 тоннагача, 4 қаторлик пахта териш машинаси эса 40-50 тоннагача пахтани териш қувватига эга.

Boshiran 4 MZ-2А 4 қаторлик пахта териш машинаси кунига ўртача 45 тонна пахта терса, бу қўл теримидаги 600-700 нафар кишининг меҳнатига тенг деганидир.

Когон туманида Хитойнинг “Boshiran” компаниясида ишлаб чиқарилган, кунига 40-50 тоннагача пахта териш қувватига эга Boshiran 4 MZ-2А русумли 7 та пахта териш машинаси иш бошлади. Мазкур юқори унумдор пахта териш машиналарини 76-90 схемада экилган пахта майдонлари учун мўлжалланган. Когон туманида бундай схемадаги майдонлар эса қарийб 4 минг гектарни ташкил этади. 

Жорий йил пахта ҳосили учун Когон туманидаги 239 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 7096 гектар майдонда ғўза парваришланди. Когонликларнинг мақсади ҳар гектар пахта майдони ҳосилдорлигини 40 центнерга етказиб, нафақат вилоятда, балки республикада биринчилар қаторида кўзланган хирмонни бунёд этиш. 

Шунингдек, Бухоро туманида ҳам Хитойнинг “Boshiran” компаниясида ишлаб чиқарилган, кунига 40-50 тоннагача пахта териш қувватига эга “Boshiran 4 МЗ-2А” русумли пахта териш машинаси иш бошлади. 

Ўтказилган тажрибалар ушбу комбайнда терилган пахта далаларида ҳосилдорлик қўлга терилганга нисбатан 5-6 центнергача юқорилигини кўрсатди. Шунингдек, бир кунда 400 нафар одамнинг ўрнини боса олиши фермерларга қулайлик яратмоқда. 

Бу каби терим машиналари оқ олтинни ёмғирли кунларга қолмасдан сифатли териб олишга хизмат қилади. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.