
Андижон вилояти Булоқбоши туманида тўла реконструкция қилинган маданият маркази фойдаланишга топширилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирокида марказ очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Маъмуров, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Сатторова ва бошқалар томонидан мамлакатимизда маданият соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ҳудудларда замонавий, барча қулайликларга эга маданият объектлари барпо этилиб, халқимизга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.4
Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан қайта реконструкция қилиш бўйича Давлат дастури доирасида туман маданият маркази реконструкцияси учун 4 миллиард 387 миллион сўм бюджет маблағи сарфланди.
Марказда маъмурият, кийиниш, тўгараклар ўтказишга мўлжалланган алоҳида хоналар, томоша зали мавжуд. Бундан ташқари, машғулотлар ўтказиш ҳамда томошабинлар учун зарур қулайликлар яратилган.
Шунингдек, тадбирда туман маданият бўлими бошлиғи Холисхон Жалоловага Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Маданият ва санъат ифтихори” кўкрак нишони топширилди.
Тадбирда туман маданият маркази санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА