English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
12:03 / 2023-12-01

“Янги Ўзбекистон” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи бошлангани тўғрисидаги хабар беради. “Ўзбекистон сайёрамизни асраб-авайлаш, келажак авлодларга талофотларсиз етказиш тарафдори” саҳифасида давлатимиз раҳбарининг 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Дубай шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси иштирокчиларининг 28- конференцияси (СОР-28) доирасидаги Иқлим ўзгаришларига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича саммитда иштирокига бағишланади. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолларининг барча юртдошларимизга  мурожаати, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари, ортга қайтмас ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори бўлган Бош Қомус, гендер тенгликка оид мақолаларда жамиятни қизиқтираётган муҳим масалалар таҳлилини кўрасиз.

“Халқ сўзи” ҳам давлат раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи бошлангани ҳақида хабар беради. Газетада Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2022 йил 22 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни эълон қилинган. “Орол денгизи фожиаси – инсоният учун огоҳлик қўнғироғи” номли мақолада АҚШнинг машҳур “The New York Times” газетасида Орол денгизи ҳавзасидаги ҳалокатли оқибатларга бағишланган мақола чиққани ҳақида сўз боради. Мақола муаллифи Жейкоб Дрейер “... қуриган Орол денгизи туби бўйлаб сайр қилиш худди “дўзах”га шўнғишдек гап:  теварак-атроф, саксовул дарахтларини (буталарини) ҳисобга олмаганда, ҳаётдан бутунлай узилиб қолган чўлдан иборат. Қуёш тиғи остида қум бўронлари эсмоқда...” дея ёзади. Мақолани ўқинг.  Барқарор ривожланиш мақсадлари ва парламентлараро мулоқот, ушбу мулоқот – форум иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари, шунингдек, таълим ва муаллим қадри, нонни эъзозлаш билан боғлиқ мақола, саҳифаларда бугунги кун, ўзгараётган инсон ва жамият манзаралари акс этган. 

“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетасида эълон қилинган Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг IV йиғилишига бағишланган “Туркий дунёнинг тинчлигини асраш йўлида” мақоласи эътиборли. Академик Оқил Салимовнинг “Илм-фан жамиятга нур, зиё таратади” мақоласини, албатта, ўқинг. Муҳиддин Абдусамаднинг “Сенинг кўзларингдан иборат дунё” шеърий туркуми, Қўзи Давлат, Моҳира Эшпўлатованинг ҳикоялари, Азиза Ҳасанованинг “Сўзунгни доғи кўнгул ичра асрағилким” мақоласи, Мадинабону Муҳаммадризоеванинг  Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг 79 ёшли синглиси Зулфия ая Орипова билан қилган “Тушларимга кирар Абдулла акам” номли суҳбати, Холмуҳаммад Хуррамовнинг “Ҳикмат айтурға яхшироқ Луқмон...” тадқиқоти мутолаасидан руҳингиз қувват олади.

Adolat”да эълон қилинган “Жазо кучаймоқда: жарима 12 баллдан ошса, ҳайдовчи транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади” мақоласи шундай сатрлар билан бошланади:  “Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасига кўра, ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисоблаш тизими жорий этилиши белгиланмоқда. 2022 йил ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг ниҳоят кучга кираётгани кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди, албатта...”. “Болаларга зўравонлик келажакка зўравонликдир”, “Қонун ҳимоячиси жиноятга қўл урди...”, “Об-ҳаво инжиқликлари энди бизни чўчитолмайди!”, “Европа демократияси нима?” каби мақолалар ҳам муҳим масалалар таҳлилига бағишлангани билан эътиборли.

“Vatanparvar”даги “Кўзим ичра қароғимсан, Ватан!”,  “Аввал орден берилди, сўнг отувга ҳукм этилди”, “Жадид куллиёти”нинг бебаҳо саккиз жилди”, “Амир шайх Нуриддин”, “Маҳмуд ал-Чағминий донишмандлар масканининг дарғаси”, “Амир Темурнинг жанг тактикаси”, “Заркент қўрғонидаги файзли учрашув”, “Сунъий интеллектнинг ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимига таъсири” каби мақолаларда ҳаётга, Ватанга бўлган самимий муҳаббат борлигини ҳис этиб турасиз.

Бугунги газеталарни ўқинг.

ЎзА