English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда…
10:29 / 2023-10-05

“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиши ҳақида хабар берилган. “Давлатимиз раҳбари Кореянинг “SK GROUP” компанияси раисини қабул қилди” саҳифаси, шунингдек, 4 октябрь куни давлат раҳбарининг профессионал таълим сифатини ошириш ҳамда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги ташаббуслар тақдимоти билан танишгани хусусидаги  шарҳ эътиборли.  “Инсон капиталига боғланган умид мўъжизалари”, “Ўзбекистон – Россия: стратегик шерикликнинг муҳим босқичи сари самарали қадам”, “Ўзбекистон ва Қатар: ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳамкорликнинг янги поғонаси” каби мақолаларда Ўзбекистон ва ташқи дунё муносабатлари акс этган. “Фермерларни алдаган ким?”, “Келажак транспорти. Унга хизмат кўрсатиш учун мутахассис етарлими?”, “Мусиқий дид тарбияси нечоғлик зарур?” каби мақолаларда кўтарилган саволлар сиз учун ҳам қизиқ бўлиши мумкин.

“Халқ сўзи”да ҳам давлатимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига расмий ташрифи тўғрисидаги хабар, “Давлатимиз раҳбари Кореянинг “SK GROUP” компанияси раисини қабул қилди” саҳифаси, шунингдек, 4 октябрь куни давлат раҳбарининг профессионал таълим сифатини ошириш ҳамда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги ташаббуслар тақдимоти билан танишгани хусусидаги шарҳ берилган. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “”Қозоқ қардошим менинг” мақоласи икки қардош халқ дўстлиги кечаси, бугунига бағишланади. “Орол фожиаси. Уни дунё ҳамжамияти билан биргаликда юмшатиш мумкин”, “Ўрмонлаштириш иқлим ўзгариши жараёнини секинлаштирадими?” каби мақолаларда муҳим масалалар тафсилоти, таҳлили акс этган.

“Ishonch”нинг бугунги сони ранг-баранг мақолаларга бой. “Осиё ўйинларидан медаллар шодаси” саҳифасидан руҳингиз кўтарилади. “Тўхтамурод Жумаев мактаби сирлари нимада?” мақоласини, албатта, ўқинг. Унда 1990 йил жонкуяр ва ташаббускор устоз Тўхтамурод Жумаев ташкилотчилигида Қоракўлда Ёш математиклар ва физиклар мактаби ишбошлагани ва кейинчалик бу ўқув даргоҳининг довруғи узоқ-узоқларгача етиб боргани ҳақида сўз боради. “Ота мақомига завол етса, оила мустаҳкам бўлмайди” мақоласида ўртага ташланган мулоҳазалар ҳам кишини ўйга толдиради.

“ХХI ASR”нинг бугунги сонида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг кўп йиллар бурун айтган “Қошғарийнинг китоби ёстиғимиз остида бўлмоғи керак!” даъвати эълон қилинган. Улуғбек Ориповнинг “Оқсув”даги оғриқлар”ни қалбингизда туясиз ва Қашқадарё вилояти, Китоб ва Шаҳрисабз туман ҳокимликлари бу ҳақда нима деркинлар, деган ўй ҳам кўнглингизни бир четида туради. Таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг беназир ҳофиз Отажон Худойшукуров таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Учинчи дарё” мақоласи ёзилганига қарийб йигирма йил тўлган бўлса ҳам ҳофиз қўшиқларидек “эскирмаган”га амин бўласиз.

“Milliy tiklanish”да эълон қилинган “Ҳар қандай шахс сўзсиз риоя қилиши шарт!” саҳифасини яхшилаб ўқинг. Унда шундай сўзлар бор: 2020 йил 16 минг 564 та ҳолатда туғилган чақалоқларга ёлғиз она аризаси асосида туғилганлик гувоҳномаси берилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 18 минг 955 тани ташкил этган. Мақола – инсоний масъулият, жавобгарлик ҳақида. “Сўз чашмаси”, “Жаноби ота-оналар кўзингизни очинг!!!”,  “Ўқитувчи – бу ҳали устоз дегани эмас”,  “Яна бир жадид фожиаси ҳақида” каби мақолаларда жиддий мулоҳазалар ўртага ташланган. 

“Жамият”да жамият муаммоларини кўрасиз.”Энергетик менежмент”га ўтиш даври келди”, “Мақсад бизнес эмас, малҳам бўлсин” каби мақолалар эътиборни тортади. Таниқли журналист Ўрол Содиқнинг “Ўтин ёришдан қачон тўхтаймиз?” мақоласини диққат билан ўқинг. Мақола совуқ кунлар кўпчиликнинг жонига оро кирадиган “ўтин” ҳақида эмас, балки миллий менталитетимиз, руҳиятимиздаги ноқисликлар ва унинг ечими ҳақида. “Тил зарби тиғдан ёмон”, “Симитчи бола” каби саҳифаларда ҳикмат, ибрат бор.

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Жиззахда Янги Ўзбекистон массиви барпо этилмоқда” саҳифаси эътиборли. “Халқ қабулхонаси: ишонч мустаҳкамланмоқда”, “Имом ота” фермер хўжалиги ютуқларининг сири нимада?”, “Инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун”, “Қир-адирлар бағридаги узумзор” каби мақолаларда қишлоқ ҳаёти, деҳқончилик сир-синоатлари, истиқболлари ҳақида сўз боради.

Бугунги газеталарни ўқинг.

ЎзА