
Мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг қулайликлар яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жойларда тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш мақсадида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Гулистон шаҳридаги “Mili Teks Sirdaryo” МЧЖда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан навбатдаги “мижозбай” учрашуви ташкил этилди. Унда Президентимизнинг 2022 йил 30 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан экспортда тадбиркорлик субъектларига берилган енгилликлар тўғрисида, Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2021 йил 25 февралдаги қарори билан божхона аудитини ўтказишда аниқланган хавф даражаси ва ушбу йўналишда коррупцияга қарши курашиш борасида эришилаётган натижалар бўйича тушунтиришлар берилди.


Бундан ташқари, янгиланаётган Конституцияни юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши, унда назарда тутилаётган янги тартиб ва таомилларнинг халқимиз ва жамиятимиз ривожи йўлидаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб, жорий йилнинг 30 апрелида ўтказиладиган умумхалқ референдумининг мазмун моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларига масъуллар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди. Корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишилди ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Ш.Суяров, ЎзА