English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначи – тадбиркор кўмакчиси
16:30 / 2023-10-04

Бугунги кунда тадбиркорларга божхона соҳасига доир амалдаги ҳамда янги қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини етказиш ва фаолиятларида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш асосий вазифалардан бирига айланган.

Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдувоҳид Раҳмонов Навоий эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “AKFA EXTRUSIONS” МЧЖ корхонаси вакиллари билан учрашди.

Корхона “Aluminium profile va PVC profile” маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида оғирлиги 42,6 минг тонна, қиймати 69,3 миллион АҚШ долларига тенг товарлар импорт қилинган. Ўз навбатида, корхона томонидан мазкур муддатда Россия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига оғирлиги 6,7 минг тонна, қиймати 1,5 миллион АҚШ долларига тенг товарлар экспорти амалга оширилган.

Учрашувда корхона фаолияти билан танишиш билан бир қаторда божхона амалиёти билан боғлиқ таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Шунингдек, тадбиркорга “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан фойдаланиш, ушбу режим қулайликлари, афзалликлари ва имкониятлари тўғрисида керакли маълумотлар ҳамда тушунтиришлар берилди.

– Божхона ҳудудида қайта ишлаш бу божхона тўловларидан озод этилган ҳудуд деганидир, – дейди А.Раҳмонов. – Чунки божхона ҳудудида қайта ишлашда товарлар божхона ҳудудига божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилган ҳолда олиб кирилиб, қайта ишлаш натижасида олинган маҳсулотлар олиб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратилган.

Жумладан, қайта ишлашдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш”да божхона божи қўлланилмайди. Товарлар экспортида қўлланиладиган божхона йиғимлари ставкалари, имтиёз (шу жумладан, темир йўл тарифлари бўйича), преференциялар, субсидия ва компенсацияларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган тайёр маҳсулотлар реэкспортига ҳам татбиқ этилади. Товарларни қайта ишлашда мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиологик хулоса ҳамда божхона тўловлари таъминоти (суғурта полиси, банк кафолати, гаров шартномаси, кафиллик хати) талаб этилмайди. Шунингдек, қайта ишлаш бўйича тайёр маҳсулотларнинг чиқиш меъёрлари тадбиркорлар томонидан белгиланиб, айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича Киото конвенцияси талабидан келиб чиқиб, ягона рухсатнома бериш тартиби жорий этилди.

Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган “ZARMETAN UNIVERSAL SAVDO” корхонасида хориждан буғдой хомашёси олиб келиниб, уни қайта ишлаган ҳолда истеъмолга яроқли ун маҳсулотлари маҳаллий ва хорижий бозорларга жўнатилади. 
Корхона томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1,6 минг тонна буғдой қайта ишланиб, қиймати 6,1 минг АҚШ долларига тенг ун маҳсулотлари экспорт қилинган. Йил якунига қадар эса 400 минг АҚШ долларига тенг ун маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш режалаштирилган.

Учрашувларда тадбиркорларга божхона соҳасида олиб борилаётган ўзгариш ва янгиликлар мазмун-моҳияти тушунтирилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири