
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Пешкў тумани Ички ишлар бўлимига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар, соҳага тааллуқли муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида “Бошлиқ билан бир кун” лойиҳаси доирасида Пешкў тумани Ички ишлар бўлими бошлиқларининг кундалик иш фаолияти, бўлим ҳамда унинг қуйи тизимларида аҳоли ва ходимлар учун яратилган шароитлар билан таништирилди.
Пешкў тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Абдухалил Носиров пресс-тур иштирокчиларини аҳоли ва ходимлар учун яратилган шароитлар ҳамда соҳавий хизматлар ходимларининг хизмат фаолияти билан таништирди. Туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракатини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар борасида маълумот берди.
Бир кеча-кундуз нарядга жалб қилинган ходимлар иштирокида навбатчиликни қабул қилиш юзасидан йўриқномаси ўтказилди. Саф рўйхати асосида ходимларнинг хизматга келиб кетишлари, ҳудудда жиноятчиликнинг аҳволи ҳамда бир кеча кундуз давомида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолатлари юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Пресс-тур иштирокчилари соҳавий хизматлар ходимларининг хизмат фаолияти, қабулхона ҳамда тергов ва суриштирув хоналари, у ердаги инновацион технологияларнинг ишлаш тартиблари билан танишди. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари, Спорт майдончаси, ходимлар учун яратилган шароитлар, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ўқув машғулотлари борасида батафсил маълумот берилди.
[gallery-11869]
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва мустақил блогерлар иштирокида ўтказилган пресс-тур давомида ички ишлар бўлимининг иш фаолияти билан танишиш баробарида иштирокчилар соҳа ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавоблар олди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА