English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Борлиқни шеъриятга айлантирган ижодкор
16:04 / 2024-08-13

Усмон Азим шеър ўқиса еру кўк, бутун борлиқ шеъриятга айланади, адабиётдан мутлақо бехабар одамни ҳам шеъриятнинг сеҳрли ва мўъжизакор дунёсига ошно этиб қўяди. Шоир шеър ўқиса, жонажон Ватанимиз гўзал ва бетакрор Бойсун тимсолида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Халқимизнинг ардоқли ижодкори, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим шеър ўқиганида ёшлар унга гоҳ шивирлаб, гоҳи баралла овозда жўр бўлади. Асли адабиёт учун, шеърият учун туғилган бу инсон ёшлардан ўзининг қимматли маслаҳатларини, ўгиту йўл-йўриқларини аямайди. Устознинг иштирокидаги адабий давраларда самимият, жўшқинлик, файз устувор бўлади. 

Адабиёт мухлислари Усмон Aзимни севимли шоир, ардоқли драматург, ёзувчи, киносценарийнавис, юксак бадиий маҳоратли таржимон сифатида яхши билади ва ҳамиша қадрлайди. 

Усмон Азим 1950 йил 13 август куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. 

Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, Усмон Азим Ўзбекистон радиосининг Aдабий-драматик эшиттиришлар Бош муҳарририятида (1976-1988), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1988-1989), Ўзбекистон Президенти девонида (1991-1994), «Савдогар» газетасида (1995-1999) турли вазифаларда ишлади. 2003 йилдан Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий бўлим мудири вазифасида хизмат қилмоқда. 

Шоир 1979 йилда чоп этилган «Инсонни тушуниш» илк шеърий китоби билан адабий жамоатчилик эътиборини қозонди. Шундан сўнг «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари», «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса», «Узун тун» (1994), «Бор эканда, йўқ экан» (1995), «Куз» (2001), «Фонус» (2007), «Юрак» (2009) каби шеърий китоблари, «Жоду» (2003) насрий тўплами, «Aдибнинг умри» (2011), «Жимлик» (2012) драматик асарлари чоп этилди. 

Устоз шоирнинг «Сайланма» (1995), «Танланган асарлар» (2021) ҳамда кўп жилдлик шеърий китоблари адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. «Куз» ва бошқа ўнлаб тўпламга кирган бетакрор шеърлари, достонлари китобхон қалбидан жой эгаллади. 

Усмон Aзим жаҳоннинг Поль Элюар, Фозил Ҳусни Доғларжа, Андрей Вознесенский, Ояр Вациетис, Юстинас Марсинкявичюс каби ўнлаб шоирлари ижодидан намуналарни она тилимизга юксак бадиий маҳорат билан ўгирди. 

Ўз навбатида, ўзининг шеърлари ҳам француз, немис, инглиз, эстон, грузин, македон, литва, турк, тожик, рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга таржима қилинди. Кўплаб шеърлари элимизнинг севимли ҳофиз ва хонандалари томонидан ижро этиб келинади. 

Радиодраматургия соҳасида «Бахтли бўлайлик», «Ҳужжатли фильм учун сюжет», «Баҳодир ва малика» асарларини яратганидан сўнг драма жанрида «Кундузсиз кечалар» (1998), «Aлпомишнинг қайтиши» (2000), «Бир қадам йўл» (2002), «Ўтган замон ҳангомалари» (2003), «Aдибнинг умри» (2005) номли пьесалари саҳналаштирилди. 

Миллий театримиз саҳнасида қўйилган «Кундузсиз кечалар» спектакли Aндижонда ўтган халқаро театр фестивалида «Энг яхши спектакль» номинациясига сазовор бўлди. «Aлпомишнинг қайтиши» асари учун 1999 йилнинг «Энг яхши драматург»и деб эътироф этилди. Усмон Азим сценарийлари асосида «Севги» (1998), икки қисмдан иборат «Aлпомиш» (2000) номли бадиий фильмлар суратга олинди. «Aлпомиш»нинг ўзига хос киноталқини учун ушбу киноасар Бухорода ўтказилган кинофестивалда махсус мукофотга лойиқ кўрилди. 

Усмон Aзимнинг миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш бўйича хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, «Ўзбекистон халқ шоири» (2000) фахрий унвони, «Дўстлик» (1997), «Эл-юрт ҳурмати» (2020) орденлари билан мукофотланди. Усмон Aзим 1982 йили шоирларнинг халқаро беллашувида Грузиянинг Виладимир Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. 

Н.Усмонова, ЎзА мухбири