Сирдарё вилояти қон қуйиш марказида шу шиор остида донорлик хайрия акцияси бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти қон қуйиш станциясида ўтказилган хайрия тадбирида “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вакиллари, депутатлар иштирок этди. Акцияда Сирдарё вилояти мудофаа бўлими, Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари ҳам фаол иштирок этди.
Хайрия акциясида ҳамкор ташкилот “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Сирдарё вилояти филиали раҳбари Ю.Усмонова донорлик қилган фуқароларга жамғарма томонидан бепул дори-дармонлар тарқатди.
Донорлик акцияси Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси биносида “ISUZU HC40” сайёр мобил донорлик комплексида давом этди. Унда вилоят ФВБ ходимлари кўнгилли донорлар сифатида қон топширди.
“ISUZU HC40” русумли автотранспорт воситаси негизида тайёрланган кўчма донорлик мажмуаси замонавий жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида уч нафар донордан қон олиш мумкин. Мобил донорлик комплекслари юртимизда сайёр донорликни ривожлантириш, ҳудудларда сифатли қон компонентларини йиғиш ишларини самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Сирдарё вилояти қон қуйиш станцияси бош шифокори Ҳайдар Саломов қон таҳлили учун келтирилган замонавий тиббиёт ускуналари ҳақида батафсил маълумот берди. Мазкур тадбирда 90 нафар донор иштирок этди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири.