English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болажонлар учун ёзги мавсум бошланди
17:59 / 2023-06-07

Ёз болажонларнинг севимли фасли. Ҳар йили болажонлар бу фаслни орзиқиб кутади. Кимдир бу даврда оромгоҳда дам олишга борса, яна кимдир ота-онаси ва яқинлари ҳамроҳлигида саёҳатга чиқади.

Жорий йил ёз фаслида Навоий вилоятидаги 11  стационар оромгоҳда 14 минг 160 нафар, 5  кундузги оромгоҳда 920 нафар, 2 меҳнат ва дам олдириш оромгоҳларида 360 нафар ҳамда 65 соғломлаштириш майдончаларида 16 минг 790 нафардан зиёд болани соғломлаштириш кўзда тутилган.  

– Вилоятдаги ҳар бир оромгоҳ бўйича мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат махсус Комиссия томонидан ўрганишлар олиб борилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Абдураҳмонов. – Мавсумга педагог, тиббиёт ва ИИБ ходимлари, спорт ва сузиш бўйича йўриқчилар, кутубхоначилар, мусиқа раҳбарлари ва техник ходимлар жалб этилди. Жорий йилги мавсумда ҳам “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфидаги оромгоҳларда ижтимоий дафтарларга киритилган ҳамда кўп болали, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бепул дам олиб, соғломлаштирилади. Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳам болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳордиқ чиқаради. Ҳозирда 11 стационар оромгоҳлардан 9 оромгоҳ ўз фаолиятини бошлади ва уларда 2 минг 997 нафар бола дам олмоқда. Қолган иккита “Шаббода” ва “Офтобжон” оромгоҳлари ўз фаолиятини 9-10 июнь кунлари бошлайди. Бугунги кунда иш бошлаган 9 оромгоҳда дастур асосида маънавий-маърифий тадбирлар, лойиҳалар ва спорт мусобақалари тизимли ўтказилмоқда. Оромгоҳларга ва унинг атрофида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, болаларнинг саломатлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилган.  

Департамент қошида мавсум давомида ишлайдиган вилоят штаби тузилиб, болаларнинг оромгоҳларга қабул қилиниши, мавсумнинг бориши тўғрисида кунлик маълумотлар юритилмоқда.  

Абдували Бўриев, ЎзА