English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалардек беғубор, дарёдил шоира
18:43 / 2023-06-07

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси, “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Умида Абдуазимова таваллудининг 70 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, атоқли шоир Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, устоз журналист Жаббор Раззоқов ва бошқалар Умида Абдуазимованинг самимияти, дарёдиллиги унинг ижодида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топганини таъкидлади.

– Кўпларимизга атоқли шоира Умида Абдуазимованинг шеърлари болалик давридан ошно, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Шоиранинг шеърларида табаррук оила, азиз Ватан, баркамол фарзандлар бош мавзу сифатида яққол кўзга ташланади.

– Бугун болалар журналистикаси, болалар адабиётида катта байрам, – деди фахрий журналист Жаббор Раззоқов. – Умида Абдуазимованинг ижодкор сифатида танилишида ёшлар газетасининг роли каттадир. Чунки Умидахон ҳали талабалик йиллариданоқ ёшлар газетасида самарали меҳнат қилди, юртга танилди.

– Умидахоннинг шеърларида болалик шукуҳи, болалар характери устувор, – деди устоз шоира Шарифа Салимова. – У болалар шоири, журналист, публицист сифатида ва шу билан бирга самимий ижодкор сифатида халқ меҳрини қозонган инсондир.

Умида Абдуазимова 1953 йили 1 июнь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1970-1975 йилларда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг) журналистика факультетида таҳсил олди. Дастлаб Ўзбекистон телевидениесининг “Адабий-драматик кўрсатувлар” муҳарририятида ишлади. Кейинчалик “Ёш куч”, “Маърифат”, “Тонг юлдузи”, “Ғунча” каби босма нашрларда турли лавозимларда фаолиятини давом эттирди.

Унинг қирқдан ортиқ шеърий, насрий тўпламлари, мақолалари ҳамда болалар адабиёти йўналишидаги бири-биридан қувноқ китоблари чоп қилинган.

Умида Абдуазимованинг “Севинчим”, “Салом, ҳаёт”, “Қадимий қўшиқ”, “Ойдин орзулар”, “Умрим зийнати”, “Оймомо боғи” номли ўндан ортиқ шеърий ва публицистик тўпламлари нашр этилган.

Умида Абдуазимова – Ўзбекистон Ёзувчилар ва журналистлар уюшмаларининг аъзоси. Унинг асарлари Қозоғистон, Тожикистон, Белорусь Республикаси, Туркия ва Эронда эълон қилинган. Яқинда Қозоғистон Республикаси Умида Абдуазимовани “Дўстлик” медали билан тақдирлади.

– Бугун юртимизда ижод аҳлига катта эътибор қаратилмоқда, – деди шоира Умида Абдуазимова. – Бу масъулиятни теран ҳис этиб, ижод қилиш бурчимиздир.

Тадбирда Умида Абдуазимова ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.  

Ижодкор шеъри билан айтилувчи қўшиқлар ижро этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири