
Жумадан жумагача
Яқинда Мюнхенда ўтган хавфсизлик бўйича конференция доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен иштирокида уч томонлама учрашув ўтказилди. Америкалик сиёсатчининг таърифи билан айтганда, “ўттиз йилдан ошиқ инқироздан кейин мустаҳкам тинчлик ўрнатишга қаратилган тарихий имкониятидан фойдаланиб қолиш керак”.
Экспертлар дастлаб “учлик” йиғилишида АҚШ ўзини воситачи, деб атаганига эътибор қаратди. Бу гал мақом ўзгарди...
Айни тўғридан-тўғри мулоқотдан кўзланган мақсад – Россияни тинчликпарвар жараёндан суриб чиқариш, дейишди бошқа таҳлилчилар.
Бундан ташқари Бокуни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида қатор шартлар қўйиб, тинчлик битими имзолашга ундаётган Туркия билан ҳамкорликдан воз кечтириш умиди ҳам бордек.
Минтақада юзага келган муаммо оқибатида 2022 йил охирида Россия, Арманистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари “тинчлик шартномаси” лойиҳаси муҳокамаси бўйича Москва учрашувига Пашинян келмади. Ўшанда у ҳамкасбларидан узр сўрашни ҳам ўзига эп билмади. Лавров эса “арман ҳамкасбимизнинг қатнашмаслигини матбуотдан билдим”, деган.
Москванинг янги муддатда уч томонлама учрашув ўтказиш нияти эса ҳали амалга ошмади.
27 февраль куни Бокуга борган Лавров Алиев қабулида бўлди ва жорий йил Боку билан Ереван муносабати яхшиланишида бурилиш ясалишига умид билдирди...
Бир ҳафта аввал Пашинян Бокуга “узвий келишув лойиҳаси”ни тақдим этганини, ҳужжатни имкон қадар тезроқ имзолашга тайёр эканини билдиради. Матбуотга сиздирилган арман формуласига кўра, аввало, Озарбайжон билан тинчлик битими имзоланади, кейин чегарани демилитация қилиш ва транспорт йўлларини очиш масаласи кўриб чиқилади.
Бу иккинчи Қорабоғ урушини тўхтатган, 2020 йил 9 ноябрда кучга кирган Россия-Озарбайжон-Арманистон уч томонлама келишувини бекор қилади.
Гап-сўз давом этар экан, Европа Иттифоқи Озарбайжон билан узоқ муддатли мониторинг миссиясини Ереванга юборишини маълум қилади. Бу ўзи чигал вазият яна-да чигаллашишига олиб келиши мумкин.
Мюнхендаги йиғилишда озар томони “учлик” мулоқотини “конструктив” атаб, Москванинг саъй-ҳаракатини пучга чиқарди. Қолаверса, Алиев Вашингтон ва Брюссель қарашига хайрихоҳлигини қайд этиб, “Қорабоғ Озарбайжонники, ташқи кучларнинг ички ишимизга аралашишга ҳақи йўқ”, деди қатъий.
Бир томондан, муаммога ойдинлик киритилгандек, аммо бошқа томондан, Туркия омили ҳам бор.
Икки ҳафта олдин Анқарага борган Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян маслакдоши Мавлуд Чавушўғли билан “икки давлат ўртасида транспорт йўлларини очишга тайёргарликни тезлаштириш”га келишиб олди.
Экспертлар тахминига кўра, ҳар ҳолда, Эрдоған ва Пашинян учрашувига ҳозирлик кўрилмоқда. Демак, Боку-Ереван можаросига қарамай, ўзаро дипломатик муносабат тикланади, чоғи.
Аввалроқ Анқара ва Ереван тўғридан-тўғри ҳаво ташуви ва сарҳадларни учинчи давлат фуқароларига очиш тўғрисида келишиб олган эдилар.
Қисқаси, Кавказ ортида геосиёсий интрига давом этмоқда.
Боку ва Ереван орасига Москва тушадими ёки Вашингтон? Анқаранинг роли нимадан иборат бўлади?
Буни вақт кўрсатади.
Афғонистон осмонида қора булутлар...
Ўтган ҳафта Кобулга кутилмаган ташриф билан Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф бошчилигидаги делагация келиб-кетди. Меҳмонлар муваққат ҳукумат раҳбари ўринбосари, ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари ҳамда разведка бошқармаси етакчиси билан музокара ўтказди. Асосий мавзу – Кобул Покистон билан “Торхам” чегара пунктини ёпгани...

Исломобод фикрича, “чегара ёпилиши ўзаро савдони оғирлаштиради, Покистонни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган муҳим тижорат йўлига зарар етказади”.
Экспертлар масала фақат шундагина бўлганда, муаммони икки давлат тегишли идоралари ҳал қилиб қўярди, дейишди...
“The Express Tribune” нашрига кўра, учрашувда Кобулдан Покистонга таҳдид солаётган террорчиларга жиддий қарши туриш талаби қўйилди.
Мюнхенда ўтган хавфсизлик конференциясида ташқи ишлар вазири Биловал Бхутто Зардорий “Афғонистондаги террор гуруҳларига эътибор қаратилмас экан, бу келажакда нафақат Покистон, балки Ғарбга ҳам таҳдид солади”, дея хавотирини билдирди.
Роса бир йил-ки, Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият анча оғир. «Техрики Толибон-Покистон» (ТТП) ташкилотини афғон Толибонининг айрим жангарилари ва қўмондонлари қўлламоқда. Афғонистондаги жиҳодни Покистонга ўтказиш ҳақида гаплар ҳам бор. Исломобод маълумотига кўра, Афғонистон ҳудудида беш мингга яқин жангари бор, бошқа манбалар улар сонини 8-12 минг дейди...
Аслида, ҳозир Исломободни Кобул инклюзив ҳукуматини шакллантириш иши қизиқтиради. Покистон янги таркибга ТТПга қарши тура оладиган ғоявий ва сиёсий тарафдорлар кўпроқ киришини истайди.
Толибоннинг икки давлатдаги хайрихоҳлари, асосан, этник пуштунлардан иборат. Афғонистон ва Покистон Ислом Республикаларини тугатиб, бу икки давлатнинг айрим ҳудудларини қўшиб, “Катта Пуштинистон”ни яратиш сингари геосиёсий хаёл ҳам йўқ эмас.
Толибон ҳокимиятидан норози томонлар ҳам бор. Муваққат ҳукумат айрим аъзоларининг Амир-ул мўъмининни халқаро ҳамжамият билан аёллар ҳуқуқи бўйича келишувга эришиш тўғрисидаги ҳаракати натижа бермагани Ҳаракат ичида қарама-қаршилик ва кескинлик кучайиши ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди.
Океан орти мамлакати хатосини тузатиш учун куч ишлатиш йўли билан тўнтариш ташкил этиш ўйланяпти, дейди экспертлар. Бу покистонликлар учун ҳам маъқулдек. Айни масала юзасидан Америка қатор давлатлар билан маслаҳатлашувни бошлаб юборган.
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Том Уэст шу ишнинг бошида турибди.
“Анадолу” агентлиги маълумотига кўра, Афғонистон янги ҳукумати апрелда шакллантирилиши керак.
Ва охиргиси. Аҳмад Маъсуд бошчилигида тожик ва бошқа кам сонли этник гуруҳларни бирлаштирган Миллий қаршилик фронти Афғонистон шимолида фаоллашмоқда.
Яқинда Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ Толибоннинг мамлакат пойтахтини Кобулдан Қандаҳорга кўчириш ҳамда уламолар олий кенгашини ўша ерга жойлаштириш режаси борлиги ҳақида гапирган эди. Афғон экспертлари айтишича, бу муваққат ҳукуматнинг кўп миллатли Кобулда эмин-эркин ишлаб кетишга кўзи етмаётганини англатади.
Энг оғир муаммо шундаки, мамлакатда кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқироз шиддат билан чуқурлашмоқда.
Бунинг устига Толибон ҳануз ташқи дунёни Афғонистоннинг янги ҳукумати эканига ишонтиролмаяпти.
Ҳозирга қадар Саудия Арабистони элчихонаси ходимлари Кобулдан чиқиб кетишди, покистонлик дипломатлар ҳам шу ҳаракатда, Хитой ҳокимияти эса Кобулдаги, асосан, хитойликлар истиқомат қиладиган «Kabul Longan Hotel» меҳмонхонасига уюштирилган террор ҳаракатидан сўнг ўз фуқароларига Афғонистонни тарк этишни тавсия қилди...
Европа газсиз қолмади...
2020 йил рус газининг 78 фоизи Ғарбий Европага сотилган. Ўтган йил ёзига келиб, Европа газ импортининг 40 фоизи, яъни тахминан 175 миллиард куб/метр ёнилғиси Россия ҳиссасига тўғри келган. Москва 31 августда “Шимолий оқим” қувуридан бораётган газни вақтинча тўхтатди. Сентябрь охирида бу икки оқимдан келадиган қувур портлади...
Қиш Европага келтирди ташвиш.

Ёрдам узоқ Америкадан келди. Давлат котибининг энергия ресурслари бўйича ёрдамчиси Жеффри Пайетт айтишича, Қўшма Штатлар 2022 йил Европага 70 миллиард куб/метрдан зиёд суюлтирилган табиий газ етказиб берди. Бу рақам аввалги йилга нисбатан икки баробар кўп.
Газ захирасига бой Қатар, Қувайт, Жазоир, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони европаликлар жонига оро киролмади. Фақат Қатаргина Англияни форс-мажор вазиятдан қутқарди...
Буёғи “ўзинг учун ўл етим”. Европа мамлакатлари фавқулодда қайта тикланадиган манбалар ҳисобидан электр энергияси ишлаб чиқаришни кенгайтиришди. “Ember Climate” тадқиқот маркази маълумотига кўра, ўтган йил февраль ойидан бери ЕИда қуёш ва шамол ёрдамида 50 тераватт/соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу 90 тераватт/соат газ импортига тўғри келади. Натижада авваллари четдан газ сотиб олишга кетган 12 миллиард еврони тежашга эришилди.
Иқтисодчи олимлар таъкидича, қувват кенгайиши ҳамда шамол ва қуёш станцияларининг қулай метео шароити туфайли роса бир йил ичида ЕИ ҳудудида рекорд даражада электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилди. Европа электр энергиясининг, тахминан, 23 фоизини мазкур манбалардан олган, бу “яшил энергетика”га ўтилган аввалги йилларга нисбатан энг юқори кўрсаткич.
Яна бир муҳим нуқта шундаки, ЕИда табиий газдан фойдаланиш сезиларли равишда қисқарган, шунга яраша газ импорти беш фоиз камайган.
Европанинг газ бўйича муаммосида Украина омили асосий ўринни эгаллайди. Можаро бошланиши билан ЕИ рус энергиясидан босқичма-босқич воз кечишни назарда тутувчи санкцияни эълон қилди. Россия ҳам 2022 йил ёзига келиб, бунга жавобан, Европа мамлакатларига газ етказиб беришни бир томонлама тарзда рад этди.
Тарих гувоҳлик беришича, Европа рус энергия ресурсларига совет давридаёқ боғланиб қолган. Минтақа 1980-йилларда шарқий қўшнидан газ сотиб ола бошлаган. Натижада Украина ҳудудида газ-транспорт тизими тараққий этган. Шошилинч равишда «Уренгой — Помари — Ужгород» газ қувури ишга туширилган.
1991 йилдан кейин Беларусь ва Польша орқали ўтган янги “Ямал-Европа” газ йўли битди.
2005 йил охирига келиб, Москва ва Киев ўртасида газ масаласида келишмовчилик пайдо бўлди. Оқибатда Украинага газ умуман берилмайдиган бўлди.
Сўнгра Германияга бир йилда 55 миллиард куб/метр газ етказиб берадиган “Шимолий оқим” ва Болгария портига етиб борадиган “Жанубий оқим” ғоялари ишлаб чиқилди. Биринчи лойиҳа 2011 йил ишга туширилди, иккинчи лойиҳа эса 2014 йилдаги Қрим муаммоси туфайли тўхтади.
Шундан кейин “Шимолий оқим-2” лойиҳаси ўйлаб топилди. Мазкур газ қувури Украинани четлаб ўтгани учун ЕИнинг қаршилигига учради, устига устак АҚШ санкцияси жорий этилди...
Ярим йилдирки, “Шимолий оқим” тақдири номаълум, қувур портлаши билан боғлиқ тергов ҳақида ҳам бирор тузук-қуруқ гап йўқ, ҳануз.
Газ бор экан, муаммо ҳам мавжуд. Ечим эса турли ҳолатларга боғлиқ...
Бугунгча шу!
Келаси жумада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси