Боғот туманидаги энергетика объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида камчиликлар аниқланди
Яқинда «Ўзэнергоинспекция» Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ишчи гуруҳи энергетика объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилган таъмирлаш ишларини ўрганди. Унда маълум бўлишича, таъмирлаш жараёнида бир қатор камчиликлар аниқланган.
Унга кўра, Боғот туманидаги 1022, 1114, 1118, 1215 ва 1229-сонли трансформатор пунктлари сақлагичлари ва RLND-10кВ янгисига алмаштирилмаган, кабеллари бетартиб монтаж қилинган ва 0,4 кВ ҳаво линиясида ишлар тўлиқ якунланмаган.
Шунингдек, таянчлар шўрланишга қарши гидроизоляция қилинмаган ҳамда айрим трансформатор пунктининг баландлиги талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди.
«Ўзенэргоинспекция» ахборот хизматининг хабар қилишича, мазкур таъмирлаш ишларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудуддаги масъулларга кўрсатмалар берилиб, унинг бажарилиши назоратга олинган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА