English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боғча янги бинода иш бошлади
16:06 / 2022-10-04

Андижон вилояти Хўжаобод тумани Навбаҳор маҳалласида 150 ўринли 4- давлат мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Боғча биносининг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар барчани юртимизда кенг нишонланган устозлар байрами билан муборакбод этди, шунингдек, ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги ишларни юқори босқичга кўтариш, мактабгача таълим ёшидаги болаларни боғчага жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Умумий қиймати 4 миллиард 366 миллион сўмга тенг лойиҳа доирасида боғчанинг барпо этилган янги биноси зарур жиҳозлар билан таъминланди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Одил Ҳамза” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди.

[gallery-9027]

Замонавий қиёфага эга, икки қаватли ушбу муассасада болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилди. Муассасада мусиқа, спорт, гимнастика, рус, инглиз тиллари тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

– Айни кунда Хўжаобод туманида 27 давлат, 5 та давлат шерикчилик асосидаги, шунингдек, 147 та уй боғча фаолият кўрсатмоқда, – дейди Хўжаобод тумани мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Нилуфар Мирзакаримова. – Умуман, Хўжаобод туманида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 90 фоизга етказилган.

Йил охирига қадар туманда яна учта мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилиши кўзда тутилган.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА