Фоторепортаж
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, шунингдек, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан бир қанча вазифалар белгиланган.
[gallery-8994]
Беруний тумани “Навоий” овул фуқаролар йиғинида ушбу вазифалар ижроси, хусусан, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳудудда 7 минг 647 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар асосан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан шуғулланади. Овулда сабзи етиштириш бўйича катта мактаб яратилган.
–Ғалладан бўшаган 10 гектар жой ҳар бир ёшга 33 сотихдан ажратиб берилди, - дейди “Навоий” овул фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Мансур Уразалиев. – Шу билан бирга уларга агротехник тадбирлар ҳамда экиш ишларида кўмаклашилди. Ўртача ҳисобда 1 сотих жойдан 1 тонна маҳсулот етиштириш мумкин. Демак, ҳар бир ёш мавсум давомида камида 15-20 миллион сўм даромад қилиш имкониятига эга. Улар етиштирган маҳсулотга харидор ҳам тайёр.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА