English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Беморлар 95 фоиз кимё-терапия дори воситалари билан таъминланмоқда”
14:15 / 2022-12-21

Муносабат

Давлатимиз раҳбарининг парламент ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси  кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Дастуриламал ҳужжатда қайд этилган истиқболдаги вазифалар ҳар бир соҳа вакили зиммасига, ҳар бир юртдошимизга катта масъулият юклайди.  

Шу маънода бугун Мурожаатноманинг аҳамияти кенг эътироф этилиб, турли соҳа вакиллари ўз йўналишларидан келиб чиқиб, мазкур муҳим ҳужжат борасида муносабатларини, фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.  

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология  илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов Мурожаатнома юзасидан ўз муносабатини баён қилди:  

— Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини тинглаб, тиббиёт вакили сифатида жуда ғурурландим. Сабаби, Мурожаатномада тиббиёт соҳасига оид янада мукаммал ва кенг кўламли вазифалар қўйилди.    

Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, онкология соҳасида 3-4 йил олдин бор-йўғи 5 тагина нур терапия билан даволайдиган ускуна бор эди. Охирги 3 йилда эса 20 та ана шундай аппарат сотиб олинди ва ҳозир ҳар бир вилоятда нур терапия билан даволайдиган аппаратлар бор.  

Президентимиз Мурожаатномада ушбу масалага яна бир бор тўхталиб ўтди. Яъни, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтожлигини таъкидлаб, келгуси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда давлат-хусусий шериклик асосида Радиология марказларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу вилоятларда энг замонавий чизиқли тезлаткичлар ўрнатиш кўзда тутилмоқда.  

Ҳозирда мавжуд имкониятларимиз билан нур ёрдамига муҳтож 15 мингга яқин онкологик беморларнинг 12-13 мингини қамраб олишимиз мумкин. 3-4 йил олдин беморларимизга кимё-терапия олиш учун 12-13 фоиз кимё-терапия дори воситалари ажратилар эди. Ҳозирда эса фақат кимё-терапия дори воситаларини харид қилиш учун 12 миллион доллар ажратилган. Натижада бизнинг марказимиз ҳамда 15 та ҳудуддаги филиалларимизда даволанадиган беморлар 95 фоиз кимё-терапия дори воситалари билан таъминланмоқда.  

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари халқимиз тиббиёт соҳасидан рози бўлиши учун соҳа олдига катта вазифалар қўйиб, уларнинг ечимини ҳам кўрсатиб ўтди. Албатта, биз соҳа вакиллари ушбу йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлашга сидқидилдан ҳаракат қиламиз.  

 

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.  

ЎзА