English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Байрам тинч ва осойишта ўтиши учун
09:39 / 2022-08-30

Юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезиб юрибди. Мустақиллик – аждодларимиз орзу қилган, бу йўлда жонини берган табаррук неъмат. Уни ҳар қанча улуғласак, асрасак ва тантана қилсак ҳам кам.

Аммо ҳар қандай байрамнинг асл шукуҳи – тинчлик билан. Шу боис байрам кунлари халқ сайллари ва оммавий тадбирлар давомида мамлакатимизда тинчлик-тотувликни, жамоат тартибини ҳамда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга.

Ички ишлар вазирлиги тизимида Мустақиллигимизнинг
ўттиз бир йиллик байрами тадбирларини хавфсиз шароитда ўтказиш учун барча имкониятлар сафарбар этилган.

Байрам тадбирлари мамлакатимизнинг жами
224 жойида ўтказилиши режалаштирилган. Байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар органларининг ходимлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, Фавқулодда вазиятлар ходимлари, Соғлиқни сақлаш вакиллари
ва жамоатчилик вакиллари жалб этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари қошидаги оммавий тадбирларни назорат қилиш бўйича махсус комиссиялар томонидан байрам тадбирларини ўтказишга мўлжалланган барча жойларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги ҳолати атрофлича ўрганиб чиқилди. Яъни ҳокимлик, архитектура ва қурилиш идоралари, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, солиқ, органлари, давлат хавфсизлик хизмати, саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа идоралар вакилларидан иборат комиссия хулосалар тайёрлаш ҳамда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган объектларда ҳамда жойларда байрам тадбирлари ўтказилишига йўл қўймаслик чораларини кўрди.

Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда автотранспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки тақиқлаш чораларини кўриш бўйича шаҳар-туман ҳокимларининг қарорларини асосида амалга оширилади.

Байрам тадбирлари ва сайллар ўтказиладиган кунлари аҳоли гавжум жойларда транспорт воситаларини тўхтаб туришини чеклаш, улар учун тадбирлар ўтказиладиган жойлардан камида 150 метр узоқликда автотураргоҳлар ташкил этилади.

Ички ишлар вазирлиги байрам кунлари фуқаролардан байрам кайфиятини туширмаган ҳолда уйда, кўчада ҳамда сайлларда иштирок этиш пайти хавфсизлик чораларига эътибор қаратишни, жамоат тартибига риоя этишни сўрайди. Зеро, байрамнинг юқори кайфиятда, осудаликда ўтиши нафақат тегишли хизматлар ходимлари, балки барчага бирдек боғлиқ.



Норгул Абдураимова, ЎзА