
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари билан ҳамкорликда “Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли яшаш жойларида куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида мутасаддилар томонидан маълумотлар берилди.
Йиғилишда таъкидланишича, ҳудудлардаги “Меҳрибонлик уйлари” ва “Мурувват ва саҳоват уйлари”да фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимларининг тунги навбатчилиги йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир даволаш стационарларида тунги текширувлар ўтказилиши белгиланган. Ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини тарғиб қилиш ва фуқароларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жойларда 14 мингдан ортиқ учрашув ва йиғилишлар ўтказилган. Ёнғинлар сабаблари ўрганилганда эса уларнинг 36,3 фоизи электр ускуналаридан нотўғри фойдаланиш оқибатида, 26,8 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 14,4 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши ва 9,7 фоизи ёш болаларнинг шўхлиги оқибатида юзага келганлигини кўрсатмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бахтсиз ҳодисалар аксарият ҳолатларда табиий газ ва муқобил ёқилғи турларини ҳамда иситиш печларини ишлатишда “газдан фойдаланиш” ёки “техник ва ёнғин хавфсизлиги” қоидаларига риоя этмаганлик, газ тармоғига нотўғри уланиш ва хонадонларда очиқ оловдан фойдаланишда эхтиётсизлик оқибатида келиб чиқмоқда.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Mg0Lcpi-_fw" title="Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти нимадан келиб чиқмоқда?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Ў.Алимов, Д.Ёқубов (видео), ЎзА