
Сирдарё вилоятидаги сув ҳавзаларида лосось, форель, осётр, зоғора, оқ дўнг пешона, оқ амур каби ўндан ортиқ балиқ турлари парваришланмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори балиқчилик соҳасини ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Сирдарё вилоятида 371 та балиқчилик хўжаликлари ва уларга тегишли бўлган 10 минг 700 гектарли сунъий сув ҳавзалари, 500 гектар табиий сув ҳавзаларида балиқ етиштирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижроси доирасида 11 миллиард 700 миллион сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилди.

–Умумий ер майдонимиз 1258 гектарни ташкил этиб, унинг 500 гектарида сунъий сув ҳавзалари ташкил этганмиз, – дейди "Янгиер балиқ кластери" масъулияти чекланган жамияти раиси Толиб Нурмуҳаммедов. – Балиқчилик соҳасини ривожлантириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш мақсадида ўтган йили "Ипотека банк" вилоят филиалидан 2 миллиард 135 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган эдик. Бу маблағ ишимизни янада ривожлантириш, балиқ етиштириш ҳажмини оширишга қўл келмоқда. Ишчи хизматчиларимиз 28 нафарни ташкил этади. Балиқ овлаш даврида уларнинг сони мавсумий ишчилар ҳисобига янада ошади. Ишчилар ўртача 4-5 миллион сўм миқдорида маош олади.
Балиқчилик сердаромад соҳа. Бироқ, унинг учун тадбиркордан тажриба, омилкорлик, бозор қонуниятларини билиш талаб этилади. Қачонки, тажриба ва омилкорлик билан иш юритган, бозорни ўрганган одам бу соҳада яхши натижага эришади.
Балиқчилик хўжаликлари қанча кўп бўлса балиқ шунча мўл ва арзон бўлади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА