English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Азалий дўстлик, яқин қардошлик баёзи
08:37 / 2024-10-04

Термиз шаҳридаги “Surxon nashr” нашриётида сурхондарёлик ва қўшни Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти ижодкорларининг “Кўнгиллар диёри” (“Диёри дилҳо”) деб номланган бадиий китоби чоп этилди.

Ён қўшни икки вилоят ижодкорларининг энг сара шеър, ҳикоя ва бадиий-публицистик мақолаларидан тузилган баёз сўнгги йилларда давлатларимиз Президентларининг тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган ўзаро дўстлик, ишончли ҳамкорлик, яқин қўшничилик, қуда-андачилик каби азалий ришталаримиз янги босқичда қайта ривожланаётганини кенг намоён этди.  

Термиз давлат университети доценти, адабиётшунос олим Нормат Йўлдошев китобга ёзган сўз бошисида икки буюк халқ дўстлигининг олтин кўприги сифатида таърифланган алманахда йигирма бир нафар сурхондарёлик, йигирма нафар хатлонлик ижодкорларнинг шеър, ҳикоя ва бадиий-публицистик мақолалари жамланган. 

 

Янги китобда сурхондарёлик Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид каби машҳур шоир ва адиблар билан бирга умидли ёшларнинг шеър ҳамда ҳикояларига ҳам кенг ўрин ажратилган. Шунингдек, Тожикистон халқ шоири Ҳақназар Ғоиб, Саломиён Озар Саидзод, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси Омон Ражаб, Тожикистон журналистлар иттифоқи аъзоси Неъмат Муҳаммад Саид сингари қўшни мамлакат таниқли ижодкорларининг энг сара асарлари жой олган.  

Адабий-бадиий нашрнинг илк саҳифасида биродарлашган икки вилоят ижодкорлари ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлагани учун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Хатлон вилояти ҳокими Давлатали Саидга, китобни нашр этишга амалий ёрдам кўрсатган “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салоҳиддин Норқобиловга миннатдорлик билдирган.  

Китоб 1 минг 500 нусхада нашр этилган.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири