English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллар меҳнат ҳуқуқига оид нормалар қўллаб-қувватланмоқда
11:29 / 2022-07-14

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунланишига бир кун қолди.

Муҳокамалар эса қизғин давом этаётир. Мазкур ҳаётий муҳим ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниб, таклифлар берилмоқда.   

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Абдиримов ўзи сайланган ҳудудларда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамроҳлигида учрашувлар ўтказмоқда. Хоразм вилоятининг Гурлан ва Янгибозор туманларида сайловчилар билан учрашиб, Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди.   

– Учрашувларда, айниқса, аёлларимиз фаол иштирок этмоқда, – дейди депутат. – Улар Конституциянинг аёллар меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ 37-моддаси, оила билан боғлиқ 63-моддаси ҳамда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш билан боғлиқ 65-моддаларига киритилаётган янги нормалардан мамнун бўлмоқда. Чунки халқимиз азалдан муқаддас аёл зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келган. Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор бу, аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор намунасидир.   

Парламент қуйи палатасининг яна бир депутати Муборак Аҳмедова ҳам хоразмлик сайловчилар билан юзма-юз бўлиб, Конституциявий ислоҳотларни кенг тарғиб қилмоқда. Қўшкўпир туманида турли соҳа вакиллари билан ўтган учрашув, очиқ мулоқот ҳамда давра суҳбатларида Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти, бугунги кунда ҳаётимизда, тараққиётимиздаги ўрни ҳақида тушунтиришлар берди.   

 

Ўз навбатида, аҳоли вакилларининг ўринли таклиф ва мулоҳазалари ҳам қайд этиб олинмоқда. Бу эса Асосий қонунимизни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.     

Муҳтарама Комилова,   ЎзА