English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёлга зўравонлик “анъана”га айланиб қолмаяптими?
09:00 / 2022-05-03

Бир тақдир изидан

Тошкент вилоятида яшовчи Азиза исмли (Исм-шарифлар ўзгартирилган) аёл ўзининг аянчли тақдири ҳақида бизга сўзлаб берди. Айрим сабабларга кўра, яшаш манзили ва исм-шарифини сир тутишимизни илтимос қилди. 

Азизага биринчи марта турмуш ўртоғи Элдор қўл кўтарганида у тамом энди бу инсон билан яшолмасам керак, деб ўйлаганди. Ўшанда хўжайини унинг қорнига зарб билан тепганди. Оғриқ ўтиб кетавермагач, бу ҳақда опасига айтди. Опаси, “Ҳеч кимга айтма, айниқса онам эшитмасин, битта тепкини деб, эрингдан ажрашиб кетмагин, яна”, деб юпатди. Азизага бошқа келинойилари ҳам сабр қилса, унинг мевасини албатта олишини уқтиришди. Хотинининг сабрлилигидан фойдаланган эр ҳаддидан ошиб, калтаклашга ўрганиб қолди. Давраларда хотинни тарбиялашни энг зўр усули тепки, деб мақтанадиган бўлди. 

Афсуски, Азизани эридан еган охирги калтаги унинг ҳаётида фожиа рўй беришига олиб келди. Бу сафарги жанжал қайнонани инжиқлиги сабаб бўлди. Азизани ўнг оёғига эри чунонам тепдики оғриқ зарбидан бориб деворга урилди. Бунга ҳам қаноат қилмай, ерда ётган тахта бўлакчаси билан аямай урди. Орадан икки-уч кун ўтиб, ўнг оёғининг тизза қисмида шиш пайдо бўлди. Эри ишга кетаётиб болаларига: “Агар тоғангга ғиринг десанг, ойинг билан ажрашиб кетамиз, сенлар етим қоласан”, деб уқтирди. Болалар ҳам, Азиза ҳам дардларини ичларига ютишди. Оғриқ кучайиб, тиззасида йиринг пайдо бўлгач, Азиза чидолмай қолди, ҳушидан кетгачгина болалари тоғасига қўнғироқ қилиб, уни чақиришди.  Тез ёрдам машинасида Азизани шифохонага олиб боришди. 

Ношуд эр харажатлардан қочиб, Россияга кетворди. Азизанинг ўнг оёғини операция қиладиган бўлишди. Акаси  миниб юрган машинасини сотиб, синглисининг операция харажатларига тўлади. Операциядан сўнг Азизанинг ўнг оёғи ишламай,  юролмай қолди. Қўлтиқтаёққа суяниб қолган  хотин билан яшашни истамаган эр Азиза билан ажрашиш ҳаракатига тушди.  Азиза сизу бизнинг орамизда яшаяпти. Ҳозир ногирон холатда тушкунликка тушиб қолган. У чеварлик қилиб рўзғорини тебратарди. Энди эса...

Азиза хатосини жуда кеч тушунди. Касални яширсанг, иситмаси ошкор бўлишини, меъёрсиз сабр ҳам инсонга бахт эмас, кулфат олиб келишини билди. “Агар ҳозирги ақлим бўлганида ўшандаёқ бу ҳақда ота-онамни, маҳалла ёки ички ишлар ходимларини огоҳлантирганимда, эримни тартибга чақирган, бирор чора қўллашган бўлармиди”, деган афсус надомат унга тинчлик бермайди.

АНДИШАНИНГ ОТИ ҚЎРҚОҚМИ?

Хўш, бугун орамизда Азиза каби ўз яқинларидан жисмоний зўравонлик кўриб яшаётган аёллар қанча?

Маълумотларга кўра, ўтган 2021 йил давомида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлар юзасидан 39 минг 343 та мурожаатлар келиб тушган. Бу маълумотлар  зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари камайиш ўрнига ортиб бораётганидан дарак бермайдими? Айни ҳолат юзасидан туғилган саволларимизга жавоб олиш мақсадида  мутахассисларга юзландик.

– Афсуски, сўнгги йилларда аёлларни хўрлаш, камситиш холатлари кўпайиб бормоқда, – дейди психолог Нозима Носирова. – Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, аёлини хўрлаётган ва калтаклаётган эркаклар жамиятимизда етарлича.

Суриштирувлар натижасидан маълум бўлдики, зулмга учраб, бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилмаган аёллар  кўпгина холатларда маҳалла кўй олдида истиҳола килиб, оиласи, турмуш ўртоғи ва фарзандларининг обрўйини ўйлашади.  Аёлларимиз ориятли, сабрли.  Улар оиласи шаънини барча нарсадан устун қўйишади. Бу хусусиятларни қадрлай олмаган айрим оила бошлиқлари эса,  аёлга нисбатан зўравонлик босимини ўтказишади. Ёки андишанинг отини қўрқоқ қўйишади.

Оиласида зўравонлик ва камситишларга учраётган аёлларнинг кўпчилиги  суҳбат жараёнида ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйгани, рўзғор ташвиши ва маблағ топиш унинг бўйнида эканлигини айтиб ўтишади.

“ЁЛҒИЗМАН, МЕНГА ҲЕЧ КИМ ЁРДАМ БЕРА ОЛМАЙДИ!”

– Қандай характерли ёки ўй-фикрли аёллар кўпроқ зўравонликка учрайди, деган савол туғилиши табиий?

– Аёлда ўзининг фикри йўқлиги, ўз эркимни бошқаларга  тўлиқ беришим мумкин, бошқаларнинг фикри мени ҳаётимни шакллантиради, деган хато фикрни ўзида мужассамлаштирганлар кўпроқ зўравонлик қурбони бўлишади, – дейди Нозима Носирова.

Кўпгина аёлларда жабрлансам ҳам,  доимо жамият кўз ўнгида яхши инсон сифатида гавдаланишим керак, деган фикр шаклланиб қолган.  Ёки  ёшлигидан  зўравонлик “анъана”га айланган оилаларда ўсган аёллар ҳам шундай яшашга ўрганиб қолади. Айрим оилаларда зўравонликни одат сифатида қабул қилиниши  жудаям қўрқинчли холат аслида. 

– Ҳўш, аёл зўравонлик қурбони бўлмаслиги учун нима қилиши керак?

– Ўзини жабрдийдаман деган “рол”да кўрмаслиги, ёлғизман, менга ҳеч ким ёрдам бера олмайди, деган ноумидлилик  фикридан воз кечиши керак.

Агар аёл киши зўравонликка учраса, унга қарши курашишда ёрдам берувчи яқинлари ёки тажрибаси бўлмаса, албатта ёлғиз эмаслигини ҳис қилган ҳолда мутахассисларга ва керакли ташкилотларга мурожаат этиши лозим. Юртимизда аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг  “1146” ишонч телефони  айнан зўравонлик ва тазйиқдан жабр кўрган аёллар ва қизларимизга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий ва ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак бермоқда. Энг асосийси, бунда аёлнинг ҳоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади. 

МУАММОНИ ЯШИРИШДАН КИМГА НАФ?

– Аксарият аёллар ўзига нисбатан зўравонлик ва зулм бўлаётганини тегишли ташкилотларга айтишдан нега қўрқишади? Бу қўрқувнинг боиси нимада?

– Аксарият ҳолатда оилавий зўравонликка учраган аёллар ёрдам сўрамай, ойлар, йиллар давомида сукут сақлашади, камситишлар, калтакларга чидашади, – дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖХД Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бош инспектори, майор  Назокат Таджиева. – Чунки зўравонликка учраганликлари ҳақида очиқ айтишса, ёрдам ва қўллаб-қувватлаш ўрнига улар атрофдагилар томонидан қораланадилар. Энг ёмони, танбеҳ ва қораланишлар зўравонликка учраган аёлнинг яқинлари, масалан, ота-оналари томонидан олиб борилади. Ота-онаси қизининг ажрашмаслигини истайди, онаси уни келажагини, узоқни ўйламаслиги ва сабрнинг йўқлигида айблайди, “сен аёлсан, чидашинг керак” ёки “ҳаммаси ўтиб кетади”, “озгина чида, ақлли бўл” ва ҳоказолар сабаб бўлмоқда. 

Айни пайтда, “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказ”ларига 72 нафар оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар жойлаштирилди.

Демак, биз хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқ қурбони бўлмасликлари, чиройли ҳаёт кечиришлари учун,  энг аввало, билимли, касб-ҳунарли бўлишларига эришишимиз, маҳаллаларда тушунтириш ва ўрганиш ишларини янаям кўпроқ олиб боришимиз зарур.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА