
Бухорода “Аёл - жамият кўзгуси” мавзусида кенг кўламли тадбирлар бўлиб ўтди.
Асосий мақсад жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавий муҳитни соғломлаштириш, миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб килишдан иборат.
Тадбирлар дастлаб эрта тонгда “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остидаги веломарафон билан бошланди. Ўзи хос аёллар спартакиадасида 2 мингга яқин спортсевар хотин-қизлар Бухоро халқаро аэропортидан Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳигача бўлган масофани босиб ўтди. Якунда финишга биринчи бўлиб келган хотин-қизлар пул мукофотлари билан тақдирланди.
Тадбирлар доирасида Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Миллий либослар – миллат кўзгуси” мавзусида анжуман ўтказилди. Унда кийиниш одоби, маданияти, миллий либосларнинг тарихи ва бугунги кундаги уйғунлашуви, бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича маърузалар тингланди.
Мутахассислар томонидан аёлларнинг эстетик дид, кийиниш маданияти юзасидан миллийлик билан уйғунлашган намуналарни, шунингдек, турли соҳаларда ишлайдиган аёл ходимларнинг, уй бекаларининг жамоат жойлари ва уй ичида кийиладиган либослари бўйича умумэътироф этилган нормалар бўйича намуналар (эскизлар) тақдим этилди.
[gallery-12299]
Бундан мақсад эса ўзбек миллий урф-одат ҳамда қадриятларини тарғиб этувчи либосларни оммага тақдим этиш, ёш дизайнерларни қўллаб-қуватлашдан иборат.
Бугунги кунда аҳолининг, шу жумладан, хотин-қизларнинг қонунларни билиши муҳим аҳамият касб этади. Тадбирлар дастурига кўра хотин-қизларни илм-фан ва инновациялар соҳасига жалб қилиш, уларнинг олий таълим олишга бўлган қизиқишлари ва ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида “Сиз янги қонунни биласизми?” викториналар танлови ҳам ташкил этилди.
Унда таълим муассасалари фидойилари, манфаатдор ташкилотлар вакиллари ва ҳуқуқшунослардан иборат таркибда иштирок этган жамоалар Ўзбекистан Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-кизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонунини қанчалик пухта ўзлаштирганликларини намойиш қилди.
Шунингдек, “Миллий либосларда замонавий ва анъанавий қадриятлар уйғунлиги” мавзусида модалар намойиши ҳам ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Феруза Ибрагимова иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА