
Фуқароларнинг ишончига кириб, мўмай даромад эвазига уларни хорижий давлатларга ноқонуний равишда юборишни ваъда қилган "нафс қуллари" учрамоқда ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан уларнинг қинғир ишларига чек қўйилмоқда..

Хусусан, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1974 йилда Тойлоқ туманида туғилган, муқаддам судланган, ҳозирда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Ш. ўзининг яқин алоқадаги ҳамтовоғи билан жиноий тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган ҳолда у ва унинг қариндошини Канада давлатига юборишни ваъда қилган. Ушбу "хизматлари" эвазига улар ҳар бир фуқаро учун 12 минг АҚШ долларидан, жами 24 минг доллар миқдорида пул талаб қилган.
Ж.Ш. сўралган пулнинг 4 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далилллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА.