Ўзсаноатқурилишбанк биносига EDGE сертификати тақдим этилди. Бундай сертификатни Ўзбекистон тижорат банклари орасида биринчилардан бўлиб ушбу банк қўлга киритди.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини ҳам шунча миқдорга қисқартириш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга, бино ва иншоотлар энергия самарадорлигини 30 фоизга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Фармон ижроси доирасида банк тизимида энергия ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, хусусан, муассаса биноларини сертификациялаш Халқаро молия корпорацияси (ХМК) консультантлари тавсиялари асосида олиб борилмоқда.
Бунда ХМКнинг Юқори самарадорлик учун дизайндаги мукаммалликка қаратилган (Excellence in Design for Greater Efficiencies – EDGE) дастуридан фойдаланилмоқда.
Ўзсаноатқурилишбанк бинолари учун EDGE сертификатини олиш саъй-ҳаракатлари 2023 йил охирида бошланган. Лойиҳани амалга ошириш учун Нидерландиянинг “HPBS B.V” тадқиқот ва атроф-муҳит муҳандислиги маркази танлаб олинган.
Бугунги кунда Банк бинолари қирқтасининг EDGE талабларига мослиги ўрганилди. Дастлабки баҳолаш ишлари ва унинг якуни бўйича тақдим этилган техник хулосалар асосида қатор Банк бинолари EDGE аудитидан ўтказилди. Натижада Банк биноларидан бири EDGE сертификатига лойиқ топилди.
– Ўзсаноатқурилишбанк инсониятни ташвишга солаётган экологик таҳдидларнинг оқибатларини камайтиришда ижтимоий масъулиятни чуқур ҳис қилади, – дейди Банк бошқаруви раиси ўринбосари Фаррух Абдураҳмонов. – Шу мақсадда банкни замонавий молия муассасасига айлантириш бўйича амалга оширилаётган трансформация жараёнларида мамлакатда биринчилардан бўлиб “green banking” тамойиллари жорий этилди. Таъкидлаш керакки, EDGE сертификатининг қўлга киритилиши ҳам бу борада белгилаб олган ишларимизнинг яна бир амалий исботидир.
– Ўзсаноатқурилишбанк барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгариши масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда, – дейди “HPBS B.V” тадқиқот ва атроф-муҳит муҳандислиги марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анна Завалеева. – Бу борада банк амал қиладиган комплекс ва интеграциялашган ёндашувлар иқлим хатарларини камайтириш соҳасида юқори натижа бермоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётига халқаро “яшил” инвестицияларни жалб қилишга ижобий таъсир кўрсатади.
Таъкидлаш жоиз, банк биносини сертификатлаш жараёнида электр энергия сарфи 23 фоизга, сувдан фойдаланиш 24 фоизга ва қурилиш материалларининг углерод иси 100 фоизга камайтирилди. Иш жараёнида 320 тоннадан зиёд зарарли газ чиқишининг олди олинди.
Айни пайтда Банкнинг қолган биноларини EDGE стандарти талабларига мувофиқлаштириш ва сертификациялаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, ХМК томонидан ишлаб чиқилган EDGE стандарти ривожланаётган мамлакатларда “яшил” ва барқарор биноларни яратишни рағбатлантириш ҳамда халқаро институтлардан турли имтиёзлар олиш имконини беради. Ушбу стандарт, шунингдек, МДҲ мамлакатлари учун халқаро банклардан “яшил” молиялаштириш ресурсларини ўзлаштиришда ҳам қулай восита саналади.
Банк Ахборот хизмати