
Президентимиз томонидан ёш авлодни ақлан етук қилиб тарбиялаш билан бир қаторда жисмонан баркамол этиб вояга етказиш жамият ва давлат олдидаги энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилоятининг Асака шаҳридаги 34-умумтаълим мактаби ҳудудида барча талабларга жавоб берувчи дзюдо зали маҳаллий ёшлар ихтиёрига топширилди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилинишича, енгил конструкцияли (сэндвич панелли) дзюдо залининг тантанали очилиш маросимида халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари Зафар Мамажонов, Андижон вилояти спорти мутасаддилари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар қисқа фурсатда бунёд этилган дзюдо зали маҳаллий ёшлар ҳамда мактаб ўқувчилари учун чинакам совға бўлгани, келажакда ушбу спорт масканидан Олимпиада ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқиши, энг муҳими, ушбу зал дзюдо билан шуғулланадиган ёшлар бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари, саломатликларини яна-да мустаҳкамлашлари учун хизмат қилишини таъкидладилар.
Жажжи болажонларнинг қўшиқ куйлаб рақсга тушишлари, ёш дзюдочиларнинг кўргазмали чиқишлари тантанали очилиш маросимига йиғилганларга завқ ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон дзюдо федерацияси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида қуриб фойдаланишга топширилаётган ихтисослаштирилган дзюдо мажмуалари сони 9 тага етди.
Шу кунгача Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Навоий, Гулистон, Жиззах, Термиз шаҳарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида худди шундай дзюдо заллари фойдаланишга топширилган эди.
ЎзА