English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АҚШда эътироф этилган ҳикоя ва дунё нигоҳига тушаётган  ўзбек ёзувчиси
07:08 / 2022-05-02

ЎТКИР СЎЗ

Ўзбек ёзувчиси Шерзод Комил Ҳалилнинг “Биз йўқ бўламиз” ҳикояси америкалик машҳур адабиётшунос Дастин Пикеринг томонидан “буюк ҳикоя” дея эътироф этилди.

“ЎТКИР СЎЗ” рукнининг навбатдаги меҳмони ўзбек ёзувчиси Шерзод Комил Ҳалил. 

Бугун унинг асарлари дунёнинг бошқа тилларига тез-тез таржима қилинаётгани билан диққатни тортмоқда. Яқинда адибнинг АҚШда чоп этилган “Биз йўқ бўламиз” ҳикояси америкалик таниқли адабиётшунос Дастин Пикеринг томонидан “буюк ҳикоя” дея эътироф этилди. ЎзА Москвада яшаб ижод қилаётган Шерзод Комил Ҳалилнинг фаолияти, адабиёт ва ёзувчи ҳақиқати хусусида қарашлари билан қизиқди.

– Бир неча йилдан буён Москвадасиз Ўзбекистондан кетишингизга нима сабаб бўлди?

– Мен уйимдан 15 ёшимда кетганман. Тошкентда йигирма йил яшадим. Москвага ёзувчи Темур Пўлатов таклиф қилганди. Катта ёзувчи бўлиш учун катта адабий муҳит керак, деган эди у. Охирги икки йилда Россияда Переделкинода ёзувчилар шаҳарчасида яшашим. Бу ерда ўзим учун янги дунё очдим, рус ва бошқа жаҳон ёзувчилари билан танишдим, адабиёт ва ҳаётни бошқа кўз билан кўра бошладим, ўзимга ва Ватанимга ташқаридан қарадим, руҳий маънода ўсдим, кейинги пайтларда ёзган ишларим бунга кафил бўлади.

– Ижодкор учун чет элда ишлаш, яшаш ўз ижодига таъсир қиларканми?..

–Таъсир бўлади. Бошқа дунё, бошқа одамлар, ҳатто дардлар ва ташвишлар бошқа. Қобиқдан чиқасиз ва атрофга қарайсиз. Дунёни бошқа нигоҳ билан кузатасиз. Москвага келган дастлабки тўрт ойда мен юздан ошиқ шеърлар ва ўнлаб балладалар қораладим. Рус шоирларидан таржималар қилдим. Хуллас, "Олатасирлар" деган янги шеърий тўпламимни ёзиб тугатдим.

 – Ёзувчи ҳақиқатни ёзиши керак, дейишади, аммо тарих ҳақиқатни айтган адибларнинг ҳаёти хамиша ҳам осон кечмаганин кўрсатмоқда.  Сиз ёзувчининг ҳақиқат олдидаги масъулиятига қандай қарайсиз?

–Ҳозир бутун дунё катта ёлғон даврида яшаяпти. Бу даврда ҳақиқат ва ёлғонни қайси чегараларни тўқнашувини ҳам доим ҳам илғаб олиш осон эмас. Муайян сиёсий доираларнинг манфаъатларига мос хабарларни агар гувоҳи бўлмаган бўлсангиз текшириш осон эмас. Қолаверса, ўтмишдаги сабоқлар ёзувчини ҳам ақлли ва сезгир бўлишга чорлайди. 

Масалан, Абдулла Қодирий қамалмагани ва отилиб кетмаганида адабиётимиз учун яна қанча буюк ишлар ёзган бўларди. Бу билан мен ёзувчи мавжуд жамиятга кўр-кўрона мослашиши лозим деган тезисни уқтириш ниятида эмасман. Ёзувчи ҳар доим ҳақиқат тарафда қолишга мажбур. Аммо ўзини барбод бўлишдан сақлаб қолишга ҳам мажбур. Француз шоири Бодлер Ватан ҳақида ажойиб шеърлар ёзган, аммо Ватанни душмандан ҳимоя қилиш учун урушга чақирилганида урушдан қочади. "Менинг жоним Франциядан қимматроқ туради, - деган Бодлер. - Токи мен тирик эканман, менга Франция керак, ўлганимдан кейин менга ватаннинг кераги бўлмайди", дейди у. Яқинда бир шеъримда:

“Ҳақиқат йўқ, бўлмаган, бу дунёда аслида,

Келдинг, яшаб ўтарсан: ҳақиқат - совуқ қабр!”

деб ёздим. Тушунаяпсизми, нима демоқчиман. Ҳеч қандай ҳақиқат инсон ҳаётидан устун бўлиши мумкин эмас. Шунга қарамай ёзувчи, ёвузлар тарафида бўлиши мумкин эмас. Агар эзгуликни баланд овозда айтишни имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаса пичирлаб айтинг. Уни ёзиб қолдиринг, бироқ ҳаргиз ёвузликни оқламанг, ҳеч бўлмаса жим туринг, соқовга айланинг, сўз айтиш мавриди бўлганда эса, фақат ҳақиқатни айтинг. Зеро, ҳақиқатни айтиш ёки айта олмаслик ёзувчини шахс сифатида инсоний ролини кўрсатади. Аммо ёзувчининг адабиётдаги роли ҳам бор. Бу миллат учун эстетик ва фалсафий мазмун касб этадиган ҳақиқатни бадиятда муҳрлаб кетиш.

 – Таржимонликда яхшигина қалам тебратасиз. Агар имкон бўлса, ўзимиздан кимларнинг асарларини чет тилларига таржима қилган бўлардингиз?

– Тўғриси, таржима билан бир маромда шуғулланаман деб айтолмайман. Бу жараён менда турли узилишлар билан давом этиб келмоқда. Турли йилларда қатор рус шоирларини ўзбек тилига ўгирганман. Маяковский, Блок, Пастернак, Бродский, Вознесенский, Мандельштам, Фет, Рождественский каби шоирлар шулар жумласидан. Фетнинг шеърлари “Жаҳон адабиёти” журналида босилганда, мени Усмон Азим кўрмоқчилигини айтишди, бормаганман. 

Чунки, мени Фетнинг таржимони бўлганим учун эмас, шоир бўлганим учун, ёзувчи бўлганим учун танишларини истардим. Лекин таржима билан ҳам сўнг йилларда жиддий шуғуллана бошладим. Габриэл Гарсиа Маркес ва Харуки Муракамидан қилинган ҳикоялар мени таржимамда матбуотда чиқа бошлади. Булар албатта янги таржималар учун рағбат беради. Борхес, Мо Янь, Бродскийларнинг эсселарини ўгирганман, улар ҳам нашр этилган. Инглиз шоирларидан Эзра Паунд ва Томас Элиотдан таржималарим бор, Боб Дилан қўшиқларини ўгирганман, Роберт Фрост ва бошқаларни ҳам. Айтганимдай булар турли йилларда қилинган кўнгил ишлари. Замонавий немис шоирларидан ҳам таржималар қилиб кўрганман, аммо менга кўпроқ афсоналар ва классикларни ишларини таржима қилиш кўпроқ завқ беради. Умуман таржима билан жиддий шуғулланиш мақсадим йўқ эмас. Ўзим ёқадиган асарларни, албатта ўгиришда давом этаман.

 Дарвоқе, Темур Пўлатовнинг ўндан ошиқ эсселари ва "Денгиз кўчманчилари" қиссасини ҳам ўзбек тилига ўгирдим. Ёзувчининг "Сузаётган Евроосиё" романидан бир неча бобларини ўгирилган парчалар эълон қилдим. Энди ўзбек ёзувчиларидан кимларни ўгирардингиз, деган саволингизга келсак, менда бу тажриба йўқ, шунинг учун бир нарса дейишим қийин. Инглиз, немис ва рус тилларидан асосан ўзбек тилига ўгираман. Испан тилини келажакда шу тиллар сафига қўшишим мумкин, лекин ҳозир бу шунчаки истак холос. Булар катта меҳнат ва вақтни талаб қиладиган жуда мураккаб жараён. Луғат титкилаш ва муносиб сўзни топиш, бунинг устига ижодкор услубини сақлаш унинг руҳиятини бера олиш – ҳаммаси доим ҳам осон кўчмайди. Баъзан ҳаммасини улоқтирасиз, аммо маълум вақтдан кейин бунга яна қайтасиз.

–Асарларингиз жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинаётганини кузатяпмиз. Шунингдек, жаҳон ёзувчилари билан ижодий ҳамкорлик қилаяпсиз экан, жараён қандай кечяпти?

– Чет эллик ёзувчи-шоирлар билан танишувимиз ижтимоий тармоқлар орқали бошланган. Баъзи таниқли ёзувчиларга е-mail дан хатлар жўнатардим. Россия, Сербия, Ҳиндистон ва ўзимизнинг Марказий Осиё ёзувчилари билан алоқаларим бор эди, кейин секинлик билан география кенгайиб кетди. Журнал, газета, сайтларда чиқишлар, антологияларда ишларимиз чоп этилиши, АҚШда нашр этилган китоб ва бошқалар бунга сабаб бўлди албатта. Асарларимни қаердадир чиқариш учун интилмайман, яъни таклиф камдан-кам ҳолда мендан чиқиши мумкин, кўпроқ чет эллик ижодкор дўстларимизни саъйи-ҳаракатлари булар. АҚШда нашр этилган "Мен шеъриятдан кетганман" китобим навқирон ёзувчимиз Асрор Аллаёров ҳаракатлари меваси. Китобини у ўгирган, ўзи тартиб берган. Китобга Сербиялик профессор Милутин Журикович ва мексикалик шоира Алиса Рамерис сўзбоши ёзганини кейин билдим. Эътирофлар албатта ёзувчини руҳлантиради. Асарларимни жорий этишга интилмаслигимни бир сабаби бор. Ёзувчининг умри чекланган, у асарларини маълум вақт ҳимоя қилиб юриши мумкин, ҳа фақат маълум вақт. Фақат катта истеъдод битилган асарларгина ёзувчисиз ҳам ўз йўлини топади, таржима бўлади, нашр этилади ва авлодлар қалбида яшайверади. Ижодкорларнинг асарларингиз ҳақидаги бетаъма эътирофларига фақатгина улуғ асарлар ёзиш билан эришиш мумкин. Шу маънода чет эллик дўстларимизнинг асарларимиз ҳақидаги мақолалари ва эътирофлари менга истиқболга қарашга умид беради.

– Айни кунларда нималар билан бандсиз, келгусидаги режалар қандай?

–Ўзбек адабиётида янги жанр ҳисобланган бестиарийлар жанрида "Туркийларнинг бестиарийлар китоби"ни ёзяпман. Бу туркий халқлар мифологияси, адабиёти, ижтимоий антропологияси ва фалсафаси қоришмасидан иборат китоб бўлади насиб. Қўлимда анча йиллардан буён "Ўлим измидагилар" ва "Шовқин замони" деган романларим бор, баъзан шуларни оз-оздан ёзаяпман, янги ҳикоялар, эсселар қоралаб турибман. Агарда нашриёт қўлида турган "Ўлим лабиринти" ҳикоялар тўпламим ва 2015 йилда ёзилган, лекин ҳамон нашрга тайёрланмаган "Ҳувиллаган дунё" романи чоп этилса, кейин янги ишларни чоп этишни албатта ўйлаймиз.  Умуман, истиқболдан умидимиз кўп. 

– Ўзбекистонга қачон бутунлай қайтасиз? Ёки...

– Ҳозир Россида Переделкинодаги Ёзувчилар шаҳарчасида ўзим истаган муҳитдаман. Аммо, ижодий ва илмий ишларимизни истиқболи учун яна бир неча йиллар хорижда бўлишга мажбурман. Нафақат ижодим, шахсий ҳаётимни изга солиш, молиявий муаммоларда ҳар дамда ўзимга суянганим учун хориждаман. Давлат маошларига қараб қолишни истамаганимга кўп йиллар бўлди. Илгарилари мен бизнесс билан бирга университет тизимида фалсафа, социология, маданиятшунослик ва ижтимоий антропологиядан лекциялар ўқиганман. Диссертация ёқлаш ниятим бор, тадқиқотларим ҳам мавжуд. Ўзим ижтимоий антропология марказида мустақил тадқиқотчиман. Илмий ва ижодий ишларим мева бериши энг катта орзуйим. Инчунун адабиётдаги мақсадим жуда катта. Ҳозир шунга эришиш учун меҳнат қилаяпман. 

 

Аббос Йўлдошев суҳбатлашди.