English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон вилояти: хуштаъм, харидоргир узум ва мевалар
09:15 / 2022-12-01

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожида боғдорчиликнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Халқимиз дастурхонининг сифатли ва сархил мевалар билан таъминлаш мақсадида юртимизда кейинги йилларда боғдорчиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ислоҳ қилиш, соҳани ривожлантириш, боғлар ҳосилдорлигини кўтариш, янги боғлар яратиш, мавжудларини реконструкция қилиш,  кўчатларни турли касалликлардан асраш, навларни янгилаш, мева ва узум етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш борасида кенг-кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Айни пайтда вилоятда 18,7 минг гектар майдонда боғ яратилган. Жорий йилнинг ўтган даврида 634 минг 923 тонна мева, 77 минг 125 тонна узум етиштирилди. Қарийб 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мева ва узум, шунингдек, 2 миллион 500 минг доллардан зиёд қуритилган мева ва сабзавот 20 га яқин хорижий давлатларга экспорт қилинди.  

[gallery-9765]

Вилоятда боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 2 минг 600 та фермер хўжалиги самарали фаолият кўрсатмоқда.  Биргина жорий йилнинг ўзида 802 гектар самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар бузилиб, ўрнига янги боғлар ташкил этилди. Яъни 611 гектар майдонда мевали боғ, 191 гектар майдонда узумзор барпо этилди.

Мавжуд боғлардан юқори ҳосил олиш мақсадида зарур барча ишлар амалга оширилмоқда. Боғлар алоҳида эътибор билан парваришланмоқда. Эрта баҳордан дарахтларга тўла шакл берилиб, амалга оширилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар режа асосида амалга оширилди. Ҳар бир жараённинг ўз вақтида, сифатли бажарилишида самарали усуллар қўлланилди.

Таъкидлаш керакки, Андижонда боғдорчилик борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Боғ парваришида илғор технология ва тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётганлиги, турли касалликларга қарши белгиланган тартибда ишлов берилаётганлиги боғлардан юқори ҳосил олиш имконини бермоқда. Айниқса, мавжуд боғларнинг кўчат қатор ораларига сабзавот ва полиз экинлари экиш, уларда мўл ҳосил олиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бу сабзавот ва полиз маҳсулотлари мўл-кўлчилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунда Хўжаобод туманидаги “Навигул” қўшма корхонаси, Қўрғонтепа туманидаги “Интерагростар” МЧЖ, “Боғи Фурқат”, Жалақудуқ туманидаги “Умиджон даласи” сингари илғор боғдорчилик хўжаликларида ишлар намунали йўлга қўйилган.  

– Корхонамиз тасарруфида 500 гектар боғ мавжуд бўлиб, асосан, шафтоли, ўрик, олма, гилос ва олхўри етиштирилади, – дейди Хўжаобод туманидаги МЧЖ шаклидаги “Навигул” қўшма корхонаси раҳбари Эркинжон  Яқубов. – Боғларимизга бир вақтнинг ўзида ҳам суғориш, ҳам ўғит бериш имконини берувчи илғор суғориш технологияси жорий этилган. Ушбу технология нафақат сувни тежаш, балки юқори ҳосил олиш имконини беради.  Жорий йилда барча турдаги мевалардан 6 минг 430 тоннадан зиёд мева олинди. Етиштирилган ҳосилнинг асосий қисми экспорт қилинди.  

Қўрғонтепа туманидаги "Интерагростар" масъулияти чекланган жамиятида 40 гектар майдонда гилоснинг бир неча тури етиштирилади. Корхона мутахассислари, боғбонлари томонидан гилос парвариши билан боғлиқ барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли амалга оширилади. Бу ўз навбатида мўл ҳосил олиш имконини бермоқда. Жорий йилда ҳам боғлардан  мўл ҳосил олиниб, маҳсулот асосан экспорт қилинди.  

– Илғор ва самарали усуллар асосида иш ташкил этиш муваффақиятлар омили бўлмоқда, – дейди Андижон вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Абдумуталлиб Сулаймонов. – Ана шундан келиб чиқиб, мутахассисларимиз томонидан боғдорчилик хўжаликларига вилоят шароитида интенсив боғлар яратиш, кўчатларни жойлаштириш, экиш технологияси, умуман, илғор усулларни жорий этиш бўйича зарур тавсия ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Вилоятдаги боғларнинг асосий қисми адир ҳудудларида жойлашган. Адир шароитида сувнинг танқислиги, тупроғида намлик узоқ сақланмаслиги ҳисобга олиниб, суғоришда тежамкор ва самарали усуллардан фойдаланишга, айниқса, томчилаб суғоришни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунда мавжуд боғларнинг 2 минг гектарга яқин қисмида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган.  

Кейинги йилларда вилоятда узумчиликни ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда 2 минг 225 гектар янги узумзорлар барпо этилиши кўзда тутилган. Янги узумзорларнинг 700 гектари янги ўзлаштириладиган ерлар, 857 гектари кам ҳосилли пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш, қолган қисми эса самарасиз боғ-токзорларни янгилаш ҳисобига ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 369 гектар майдонда узумзорлар барпо этилди.

Бундан ташқари, Асака туманидаги адирлик ҳудудларида 600 гектар майдонда замонавий токзорлар барпо этилди, мазкур узумзорларга томчилатиб суғориш тизими тўлиқ жорий этилди.  

Вилоятда 2022 йилнинг куз ва 2023 йил баҳор фаслида экиш учун 580 минг туп узум кўчатлари етиштирилди. Янги кўчатлар экишда токнинг харидоргир навларини экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўрғонтепа туманидаги “Боғи Фурқат” фермер хўжалигида ташкил этилган “Ин-витро” лабораториясида узумнинг “Аватар” навини етиштириш йўлга қўйилди. Шунингдек, вилоятда узумчиликни ривожлантириш мақсадида Асака, Булоқбоши, Жалақудуқ туманларида узумчилик кластерлари ташкил этиш белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, бугун Андижон вилоятида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, юқори даромад келтирадиган тармоққа айлантиришга қаратилган тизимли олиб борилмоқда

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

Зухриддин УМРЗОҚОВ (фото),

ЎзА