
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Халқаро кулолчилик маркази”да анъанавий “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” мавзусидаги халқаро форум ўз ишини бошлади. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан, Марказий Осиё давлатлари, Туркия ва Озарбайжон, шунингдек, Франция, Исроил, Чехия, Россия ва бошқа давлатлардан келган уста кулоллар, маданият арбоблари, санъатшунос олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев мамлакатимизда қадимий ва бой анъаналарга эга ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида кўп асрлик тарихга ва анъаналарга эга Риштон кулолчилиги замон талаблари асосида жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Сўнгги йилларда Риштон кулолчилиги саноат даражасига чиқиб, хорижга экспорт кўлами ҳамда географияси кенгайиб бораётгани қайд этилди. Шу билан бирга, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан нашр этилган “Анъанавий Риштон кулолчилиги” китоб-альбомининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
[gallery-11867]
Шундан сўнг форумнинг асосий тадбирларидан ҳисобланган “Риштон кулолчилиги: кеча, бугун ва эртага” номли халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Самимий ва дўстона руҳда бошланган конференция турли баҳс-мунозараларга бой ўтди, маърузаларда кўтарилган мавзулар барча иштирокчиларнинг қизғин олқишига сазовор бўлди. Жумладан, Самарқанд археология институти тадқиқотчиси, археолог Геннадий Ивановнинг “Риштон тарихи бўйича археологик маълумотлар”, Ўзбекистон Бадиий академияси ижодий кўргазмалар дирекцияси директори ўринбосари, санъатшунос олима Людмила Кодзаеванинг “Риштон кулолчилик мактаби. Анъаналар ва бозор талаблари”, Варшавадаги (Польша) Осиё ва Тинч океани музейи ходими Каролина Крживицканинг мазкур музейдаги риштонлик усталар асарлари ҳақидаги, Риштон кулолчилик мактаби устаси Алишер Назировнинг “Анъанавий Риштон сопол буюмлари: муаммолар ва уларнинг ечими” номли ва бошқа маърузалар ўз долзарблиги, аҳамияти жиҳатдан ажралиб турди.
Россиялик қатор тадқиқотчилар, Наманган, Бухоро, Тошкентдан келган санъатшунос олимларнинг чиқишлари ҳам қизғин кутиб олинди, кўтарилган масалалар бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди.
– Бугунги конференция Риштон кулолчилиги тарихи, унинг асрлар давомида ривожланиш босқичлари, тараққиёт жараёнидаги ютуқ ва муаммолар хусусидаги қимматли маълумотларга бой бўлди, – дейди Бухоро давлат университети доценти, санъатшунослик фанлари номзоди Қорёғди Жумаев. – Асосий эътибор миллий кулолчилик анъаналарини сақлаб қолиш, унга қўйилаётган замонавий талаблар, тарихий ва бугунги йўналишларнинг уйғунлашувига қаратилди, дейиш мумкин. Хоразм, Шаҳрисабз, Самарқанд, Ғиждувон, Риштон кулолчилик марказлари анъаналари, бу ерларда ясалган сопол буюмларнинг ўзига хосликлари, азалий нақшлари, ранглар ва технологиялари ҳали илмий жиҳатдан тўлиқ ўрганилмаган. Келгусида кўплаб мавзулар бўйича тадқиқотлар олиб борилишига умид қиламиз.
Анжуман қатнашчилари кейинги пайтда Риштон сопол буюмларида индивидуал ижодкорлик ва муаллифлик руҳининг пасайиб бораётгани, декоратив ва сайёҳлик ашёларига кўпроқ урғу берилаётгани, арзон бизнес манбаига айланиб қолаётганига ҳам эътибор қаратдилар.
Маълумот учун, форум доирасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани, ёш кулоллар ўртасида маҳорат дарслари, Қўқон шаҳридаги Ҳунармандчилик маркази ва Худоёрхон ўрдасига ташриф, вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат ҳам уюштирилади.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган суратлар.