English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Акмал Бурҳонов: Янгиланган Конституция коррупцияга қарши курашишдаги қатъийликни янада мустаҳкамлади
15:24 / 2023-12-08

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституция байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида Конституция ва қонун устунлиги тамойили – бу барқарор тараққиётнинг асосий мезони экани таъкидланди. Сўнгги йилларда барча ислоҳотлар айни шу тамойил асосида амалга оширилди.

Кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар натижалари халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Коррупцияга муросасиз муносабат бўйича халқаро индексда 32 поғонага кўтарилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов коррупцияга курашиш соҳасида Конституциянинг аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:  

– Янгиланган Конституция – янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси атрофида бутун халқимизни янада жипслаштирди.  

Конституциямиз қабул қилинганлигининг бу йилги шодиёнаси Агентлик фаолиятида муҳим тарихий кун сифатида муҳрланди. Чунки жамоамиз билан биргаликда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамасида таклифларимиз билан фаол иштирок этдик ва уларнинг аксарияти янгиланган Конституцияда ўз аксини топди. Қолаверса, қонун лойиҳасини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш жараёнларига ҳам бевосита масъул бўлдик.

Энг асосийси, Ўзбекистоннинг миллий тараққиётида коррупцияга қарши муросасиз курашишга қаратилган изчил ислоҳотлар тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётганининг ёрқин далили сифатида янгиланган Конституцияда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор нормалар мустаҳкамланди.  

Хусусан, Конституцияда биринчи марта коррупция сўзи қўлланилиб, коррупцияга қарши курашишнинг долзарблиги конституция даражасида мустаҳкамланди. Жумладан, 93-моддада парламент палаталари биргаликда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиши белгиланди. Бу амалиёт коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканлигининг яққол далилидир.

Мазкур модда ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан навбатдаги Миллий маъруза тайёрланиб, Олий Мажлис палаталарига тегишли тартибда кўриб чиқиш учун киритилди.

Ўтган йилгидан фарқли равишда бу йилги Миллий маърузада коррупцияга қарши курашиш борасидаги қилинган амалий ишлар, ислоҳотларнинг ҳудудлардаги ижроси, эксперимент тариқасида бошланган лойиҳалар натижаси, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги замонавий механизмлар – коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, давлат органларининг очиқлик индексига оид муҳим масалалар акс эттирилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларинг самарадорлигига ижтимоий тадқиқот натижалари, халқаро экспертларнинг фикрлари ҳамда коррупция даражасини баҳоловчи халқаро рейтинг ва индекслар натижалари асосида баҳо берилди.

Барчамизга яхши маълумки, давлатимиз раҳбари чиқишларида барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмаслиги ва биз бу йўлни қатъий давом эттиришимиз бот-бот такрорланади.  

Асосий қонунимизда ижро этувчи ҳокимият органлари ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятида коррупция ҳолатларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича чоралар кўрилиши мустаҳкамлангани мана шу қатъиятда собитликни яна бир карра исботлади.  

Конституцияга киритилган яна бир муҳим норма — давлат раҳбарининг тақдимига биноан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарининг Сенат томонидан сайланиши эса илғор демократик тамойиллар Ўзбекистонда изчил қарор топаётганидан далолатдир.  

Умуман олганда, бу каби ислоҳотлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини янада такомиллаштиришда, давлат хизматида ҳалоллик, очиқлик ва ҳисобдорлик принципларини янада кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА