English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳакамлик судлари: Низолар, муаммо ва ечим
10:02 / 2019-10-31

Термизда Республика Савдо-саноат палатаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли“ мавзуига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.


Термизда Республика Савдо-саноат палатаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли“ мавзуига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури доирасида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, адлия бошқармаси, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судлари, адвокатлар палатаси вакиллари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари ва унинг ҳузуридаги ҳакамлик суди судьялари, тадбиркорлар, журналистлар иштирок этди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Р.Пардаев, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури вакили Ф.Ҳусанходжаев, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б.Мардаев сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда хўжалик юритувчи субъектлар қонуний манфаатлари ҳимоясини таьминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб, ташкилий механизмларини тубдан такомиллаштирганини алоҳида таькидлади. Низоларни судлар орқали ва муқобил усулларда ҳал этиш тизими яратилгани қайд этилди.

Семинарда “Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш: ҳуқуқий асослари ва ривожланиш босқичлари”, “Хорижий давлатларда медиация: ҳуқуқий асослари ва амалиёт”, Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари”, Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари ва ҳакамлик судларида иш юритиш тартиби”, “Низоларни судгача ҳал этишда медиациянинг ўрни“ каби мавзуларда тажрибали ҳуқуқшунос-олимлар, соҳа мутахассисларининг қизиқарли маърузалари тингланди. Жумладан,Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди раиси, юридик фанлари доктори Ф.Отахоновнинг таъкидлашича, мамлакатимизда ҳакамлик судлари ва медиация тўғрисида қонунлар қабул қилиниб, низоларни муқобил ҳал этиш усулларининг ҳуқуқий асослари яратилгани тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва юзага келган низолар ечимини топишда муҳим аҳамият касб этаётир. 

6.jpg

– Хўжалик юритувчи субъектлар манфаатлари тўқнашуви ва бу жараёнда низолар, баҳс-мунозаралар келиб чиқиши табиий ҳолдир, –дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги ҳакамлик суди раиси Б.Эшдавлатов. – Ана шундай ҳолатлар билан жорий йилнинг ўтган даврида бизга хўжалик юритувчи субъектлар икки юздан ортиқ даво аризаси билан мурожаат этди. Уларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Даъвогарлар фойдасига 1 миллиард 865 миллион сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилиниб, ижрога қаратилди. Ушбу тадбирда ҳакамлик муҳокамасининг ҳуқуқий асослари ва муҳим жиҳатлари, низоларни ҳал этишда хориж тажрибаси сингари масалаларда билим, кўникмаларимизни мустаҳкамладик. Бу фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Илмий-амалий семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Медиация тўғрисида”ги қонунларининг мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашилиб, низоларни ҳакамлик судлари ҳамда медиация тартибида кўришнинг ана шундай қулай тарафлари эьтироф этилди. Низоларни ваколатли давлат судларига муқобил ҳал этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, медиация марказлари ташкил этиб, медиаторларни тайёрлашнинг ташкилий томонларини тезлаштириш, тегишли судлар билан ҳакамлик судлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйиш, ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорлари ижросини таъминлаш, ҳакамлик судьяларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш каби қатор масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.