
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиев Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бухоро академик лицейи ўқувчилари билан машғулот ўтказди.
Очиқ мулоқот шаклидаги маҳорат дарсида бошқарма бошлиғи дастлаб давлат раҳбари томонидан бугунги кунда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шундан сўнг ўзининг ички ишлар тизимидаги меҳнат фаолияти, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти ҳақида гапириб берди.

Бошқарма бошлиғи ёшларга, ички ишлар органлари учун ватанпарвар, юксак маънавиятли, руҳан тетик, жисмоний соғлом номзодларни тайёрлаш давр талаби эканлигини таъкидлади. Келгусида ўз фаолиятини шу соҳада кўрадиган ёшларни мана шундай фазилатларга эга бўлишлари учун замонавий билимларни пухта эгаллашлари зарурлигини алоҳида эътироф этди.

Маълумот учун, Ички ишлар вазирлигининг идоравий Академик лицейлари ўқувчиларида ички ишлар органлари хизматига қизиқишни янада ошириш ҳамда уларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари томонидан “очиқ мулоқот” шаклидаги маҳорат дарсларини ўтказиш тўғрисидаги режа дастури қабул қилинган.
Зариф Комилов,
ЎзА