English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини камбағалликдан чиқариш – долзарб вазифа
19:20 / 2024-10-14

Юртимизда маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, камбағал оилалар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Президентимиз раислигида ўтказган видеоселекторда ҳам камбағалликни қисқартиришни янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Навоий вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Лутфулло Хайруллаев мухбиримизга бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишлар ва белгиланган чора-тадбирлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

- Бугунги кунда камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги 330 та маҳалладаги 2 минг 723 та камбағал оилага 550 нафар раҳбар ходим бириктирилди. Айни пайтда 256 та маҳалладаги 1 минг 407 та оила ва 10 минг 177 нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бунда бириктирилган масъуллардан биринчи навбатда ушбу оилалар билан танишиб, уларни камбағаллик ҳолатига тушиш сабабларини ўрганиш, ижтимоий портретларини шакллантириш ва шу асосида уларга зарур бўлган хизматларни кўрсатиш ҳамда яратиб берилган механизмлардан фойдаланган ҳолда камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, вилоятимиздаги 169 та маҳалладаги 402 нафар тадбиркор ҳам 1 минг 960 та камбағал оилаларга бириктирилди.  

Бугунги кунда вилоятда жами 28 минг 873 та оила “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган. Ушбу оилаларда 54 минг 364 нафар вояга етган оила аъзоси истиқомат қилмоқда. Улардан 17 минг 35 нафари доимий ишда, 6 минг 814 нафари томорқа ва деҳқон хўжалигида банд бўлсада, оила аъзоларига жон бошига ҳисобланганда даромади етарли эмас.  

[gallery-19739]

Дастлабки олиб борилган ўрганишлар натижасида яшаш шароити яхши бўлган 1 минг 966 та оила аниқланиб, уларни реестрдан чиқариш чоралари кўрилди. 1 минг 412 та реестрга кирмаган камбағал оилаларни эса реестрга киритиш чоралари кўрилмоқда. Айни пайтда яшаш шароити яхшиланаётган оилалар 6 минг 998 та, даромади паст оилалар 13 минг 716 та, эҳтиёжманд оилалар 6 минг 189 тани ташкил этмоқда.  

Яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда биз олдимизга йил якунига қадар жами 10,2 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик даражасини 5,7 фоизга туширишни кўзда тутганмиз. Бунда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилиниб, қишлоқ хўжалиги ерларидан ажратилиши ҳисобига 8 минг 733 нафар фуқаро бандлиги таъминланади. Хорижий тилларни ўргатиш орқали 1001 нафар аҳоли ташкиллаштирилган ҳолда меҳнат миграциясига юборилади. Соғлигида муаммолар туфайли оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 379 нафар аҳолига ордер асосида даволатиш орқали ёрдам кўрсатилади. Ахборот технологиялари йўналишида 200 нафар камбағал оила фарзанди ўқитилиб, ноутбук билан таъминлаш орқали банд қилинади.

Бириктирилган раҳбар ва ходимлар томонидан оилалар ҳолати ўрганилганда, оилаларда 1 минг 764 та ишга жойлаштириш, 501 та касбга ўқитиш, 396 та тадбиркорликка жалб этиш ёки йўналтириш, 628 тасига имтиёзли кредит, 288 тасига муҳтожлигига қараб субсидия маблағлари ажратиш ҳамда 676 нафарининг соғлигини тиклаш масалалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда бу масалаларнинг ечими бўйича ҳар бир бириктирилган раҳбар ўз йўналиши бўйича иш бошлаган.  

Албатта, бу кўрсаткичлар ҳозирча бирламчи ўрганиб чиқилган жараёндан кейин камбағал оилалар бўйича амалга оширилган ишлар бўлиб, асосий мақсадимиз бу оилаларни ўз даромад манбаига эга бўлишини таъминлашдир.  

Ўз навбатида, олдимизда ижтимоий хизматларнинг бир қатор турларини қўлланилиши ҳисобига ҳам камбағал оилалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларининг ижтимоийлашувини таъминлашга қаратилган вазифалар турибди.

Айни пайтда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар ва ҳоким ёрдамчилари томонидан ушбу оилаларнинг ижтимоий портретлари шакллантирилмоқда. Йил якунига қадар вилоятимиздаги камбағал оилаларни тўлиқ ўрганиб чиқиб, уларнинг камбағалликка тушиб қолиш сабаблари билан ишлаган ҳолда ижтимоийлашувини тўлиқ таъминлаш чораларини кўрамиз. Президентимиз айтганларидек, вилоятда “Камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади”.

А.Бўриев, ЎзА мухбири