English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аграр соҳада замонавий кооператив муносабатлар тартибга солинади
18:51 / 2024-09-17

Кейинги йилларда мамлакатимизда аграр соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида 260 минг гектар ер майдонларида янги деҳқон ва фермер хўжаликлари пайдо бўлди.

Улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни ташиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорда сотишни енгиллаштириш учун қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва кластер корхоналари ўртасидаги кооператив ҳамкорлик имкониятларидан янада самарали фойдаланиш зарурати юзага келмоқда.

Амалдаги қишлоқ хўжалигида кооператив муносабатларни бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тарқоқлиги, турли қонунчилик ҳужжатларида мавжуд нормаларни амалиётда қўллаш қийинчилиги соҳада кооператив муносабатларни тартибга солишнинг замонавий ҳуқуқий асосини яратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга кўра, 1998 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги Қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш ва таклиф этилаётган қонун лойиҳасидаги нормаларни ўзаро мувофиқлаштириш таклиф этилмоқда.  

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Кооперация тўғрисида”ги қонунларига ҳамда  Фуқаролик ва Ер кодексларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилар экан, унда қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудит, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш давлат ва кооперативлар ўртасидаги ҳамда мулкий муносабатларни тартибга солиш масалалари белгиланаётгани қайд этилди.  

Шунингдек, белгиланаётган нормалар кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат томонидан шарт-шароитлар яратиш, молиялаштириш бўйича рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш масалаларини кўзда тутади.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида замонавий кооператив муносабатларни тартибга солиш, кооперативларнинг ҳуқуқий кафолатини яратиш, бозор механизмларини жорий этиш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш ва мавжуд табиий ресурслардан тўғри фойдаланишга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА