
Пойтахтимиздаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида “Адолат” СДП томонидан референдум олди тарғибот тадбирлари доирасида “Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун!» шиори остида кенг кўламли тадбир ташкил этилди.
Тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очиб берди. Партия етакчиси конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятига тўхталар экан, янгиланаётган Бош қомусимизда халқимизнинг фикри, хоҳиш-иродаси, барча тоифаларнинг — ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганини таъкидлади.
Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятини аҳолининг барча қатлами, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали жамиятда ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш, фаол фуқаровий позицияни ошириш, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг референдумга қўйилиши олдидан унга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини самарали тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда конституциявий ислоҳотлар, референдум ўтказиш тартиби, унда иштирок этиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тадбирда сўз олганлар Бош қомусимизнинг мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни, унга киритилаётган янги қўшимчалар ва ўзгартишлар халқимизнинг турмуш тарзи фаровонлигига, ёшларнинг порлоқ келажагига хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-11597]
—Бугун инсонларнинг шахсий ҳуқуқи ва эркинликлари, шахсий дахлсизликлари янги таҳрирдаги Конституциямизда қатъий мустаҳкамланмоқда. Чунки ҳар бир инсон мамлакатимизда эркин ва фаровон яшаши керак. Мана бугунги тадбирда ҳам гувоҳи бўляпмизки, халқимиз жуда юқори кайфият билан 30 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси учун, мамлакатимизнинг тинчлиги учун, адолатли жамият ва қонун устуворлиги учун овоз берамиз деб баралла айтишмоқда, — дейди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов.
Тадбир жараёнида иштирокчилар 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга бефарқ бўлмасдан, сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга чақирилди.
Партия томонидан шу каби тарғибот тадбирлари республикамиз ҳудудлари бўйлаб кенг кўламда давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА