English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адлия органлари ходимларининг ножўя хатти-ҳаракатлари юзасидан 140 дан ортиқ мурожаат келиб тушган
10:51 / 2024-10-03

Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашишда бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва унга шароит яратиб бериши мумкин бўлган омилларни бартараф этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

– Вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан такомиллаштириб бориш йўналишида соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, – дейди Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш бўлими бош маслаҳатчиси Сарвар Қобилжонов. – Доимий равишда ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларнинг келгусида олдини олиш юзасидан электрон тизимларни такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли чоралар кўриб борилмоқда.  

Адлия вазирлиги тизими фаолиятидаги функциялар баҳоланиб, вазирлик тизимида 419 коррупциявий хавф-хатарлар аниқланди ва бу бўйича тегишли харита тасдиқланди. Адлия вазирлиги, унинг таркибий ва ҳудудий тузилмаларида коррупцияга қарши курашиш дастури тасдиқланди.  

2024 йилнинг ўтган даври мобайнида вазирлик тизимидаги 6 та адлия органи ва муассасаси фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича комплаенс текшируви ўтказилди.  

Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидаги тузилмаларда 130 га яқин ўрганиш, мониторинг, назорат текширувлари ўтказилди. Қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилиши таъминланди.  

Текширишлар натижасига кўра, йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 13 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.  49 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. 135 нафар ходим билан профилактик суҳбат ўтказилди.  

Адлия органлари ва муассасаларининг вакант лавозимларига талабгор номзодлар ҳужжатларини комплекс ўрганиш давомида  тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар ва муаммолар юзасидан барча ҳудудий адлия органларига тегишли кўрсатмалар берилди. Ўтказилган танловларда номувофиқ баҳоланган ҳолатлар бартараф қилинди.  

Ҳудудий адлия органлари ва муассасаларига ички ва ташқи танлов асосида вакант лавозимларга ҳужжат топширган 4 минг 640 нафар номзод бўйича комплекс текшириш ўтказилиб, тегишли мезон талабларига номувофиқ бўлган 345 нафар номзоднинг ҳужжатлари рад этилди.  

Адлия вазирлигига алоқа каналлари орқали адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ножўя хатти-ҳаракатлари юзасидан 140 дан ортиқ мурожаат ва хабарлар келиб тушган.  

Мазкур мурожаатлар ва хабарларни ўрганиб чиқиш натижасида 44 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Жумладан 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, 112 нафар ходим билан профилактик суҳбат ўтказилди.  

Адлия органлари ва муассасалари томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида 18 мингдан зиёд коррупцияга қарши курашишга оид тарғибот тадбирлари амалга оширилди, мингга яқин кўргазмали материаллар тарқатилди.  

Соҳага оид олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида вазирлик ҳудудий тузилмалар ва муассасаларнинг коррупцияга қарши курашиш жараёнларидаги бевосита масъулиятини кучайтириш, ёшлар билан ишлаш имкониятларини янада фаоллаштиришга эътибор қаратиш режалаштирилган.  

Н.Абдураимова,

ЎзА