
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тиббиёт ходимларининг узлуксиз иш стажи учун устамалар белгиланган. Жумладан, алоҳида муассасалар, бўлинмалар ва лавозимларда узлуксиз иш стажи учун шифокорларга, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш барча муассасалари фармацевтика ходимларига устамалар тариф ставкалари бўйича белгиланади.
Соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг алоҳида тоифалари бундан мустасно, олий маълумотга эга бўлган тиббиёт ҳамширалари учун эса тариф ставкасининг 30 фоизи миқдорида белгиланган. Лекин амалиётда, ушбу қарор талабларига тўлиқ риоя қилинмаяпти.
Хусусан, Бухоро вилояти адлия бошқармаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Бухоро тумани бўлими ходими Ж.Порсайевнинг мурожаати ўрганиб чиқилди. Натижада фуқарога 6 миллион 625 минг 900 сўм миқдоридаги устама тўловларини тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Адлия бошқармаси аралашуви билан фуқарога тўланмай қолган 6 миллион 625 минг 900 сўм миқдоридаги устама пуллари тўлиқ ундириб берилди. Ўз навбатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунийликни таъминлаш мақсадида адлия идоралари томонидан ҳар бир фуқаронинг мурожаати қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, бузилган ҳуқуқларини тиклаш чораси кўрилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА