English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адиб тилидаги кишини мафтун қиладиган биринчи хислат…
12:32 / 2024-09-17

"Одамлар дод овозига ўрганиб қолган: бировни эри уради, бировнинг уйи хатга тушади… Аммо кампирнинг додига одам тез тўпланди. Қобил бобо яланг бош, яланг оёқ, яктакчан оғил эшиги ёнида туриб дағдағ титрайди, тиззалари букилиб-букилиб кетади; кўзлари жавдирайди, ҳаммага қарайди, аммо ҳеч кимни кўрмайди. Хотинлар ўғрини қарғайди, ит ҳуради, товуқлар қақағлайди. Кимдир шундай кичкина тешикдан ҳўкиз сиғишига ақл ишонмаслиги тўғрисида кишиларга гап маъқуллайди"…

Инсон атрофга назар солар экан, бутун борлиқнинг такрор ҳаракатлари унинг кўзларида кўникма ҳосил қилиб, баъзан ҳаётнинг чин завқини, табиатнинг асл жилосини англамасдек бўлиб қолади. Аслида коинотдан инсониятгача, ҳайвоноту набототгача нозик жило ва мўъжизага бой эканини эслатиб тургувчи инсонлар бор экан, уларнинг қалб туғёнини ижод, ўзларини эса ижодкор деб атаймиз. Юқорида келтирилган жумлалар «Синчалак», «Ўтмишдан эртаклар», «Муҳаббат» каби қиссалари билан ўзбек насрининг тараққиётига ҳисса қўшган ижодкорнинг «Ўғри» ҳикоясидан парчалар эди. Хўш, кенг оммани адабиётга мафтун эта олган ушбу адибнинг ижоди қандай бўлганки, давр танламай эътироф этилаверади, тан олинаверади?!

Бугун ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган адиб Абдулла Қаҳҳор таваллуд топган кун. Адиб 1907 йил 17 сентябрда Қўқон шаҳридаги темирчи оиласида дунёга келди. Ўрта маълумотни Қўқонда олгач 1925 йилда Тошкентга келиб, газетада фаолият юритди. Ўрта Осиё давлат университетининг педагогика факультетида таҳсил олиб, журналларда масъул котиб, Ўзбекистон давлат нашриётида муҳаррир лавозимларида ишлади. 

Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди 1924 йилдан бошланди. Дастлаб «Муштум» журналида, «Янги Фарғона» газетасида унинг ҳикоя, фельетон, хабарлари босилди. Ёзувчининг «Олам яшаради» номли биринчи ҳикоялар тўплами 1935 йилда чоп этилган. 30 йилларда адибнинг учта «Ҳикоялар» тўплами китобхонлар қўлига тегди. Бу даврда Абдулла Қаҳҳор кичик ҳикоялардан ташқари «Сароб» (1935) романини ёзди.

Абдулла Қаҳҳор ҳикояларидаги ўхшатишлар ўқувчи ҳайратини оширди. Бу ўхшатишлар эса ёзувчининг кузатувчанлиги, ҳаёт ҳақиқатини ипидан-игнасигача, миридан-сиригача, бутун икир-чикиригача кўрсата олишига бир далилдир.

Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов «Истеъдод жилолари» мақоласида: "Бир марта бу оламга кирган одам ундаги мислсиз гўзалликнинг асири бўлиб қолади, у олам туфайли ўзбек тили деб аталмиш она тилимизнинг нафислигига, аниқлигига, рангдорлигига, маънодорлигига, ҳар қандай чуқур фикрни, ҳар қандай нозик туйғуни, ҳар қандай мураккаб кечинмани ифодалай оладиган қудратига қойил бўлади. Абдулла Қаҳҳор ишлатган сўзлар, яратган жумлалар тилимизнинг бойлигини ўзида акс эттириб, камалакдай товланади… Абдулла Қаҳҳор тилида кишини мафтун қиладиган биринчи хислат – табиийликдир", дея ёзган эди.

Уруш йилларида ёзувчининг бир қанча фельетон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. «Асрор бобо», «Дардақдан чиққан қаҳрамон», «Кампирлар сим қоқди», «Хотинлар», «Олтин юлдуз» каби ўнлаб ҳикоя ва қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозликлари, юксак ватанпарварлиги ифодаланган. Урушдан кейинги йилларда эса ёзувчининг «Қўшчинор чироқлари» романи яратилиб, жамоалаштириш мавзуига бағишланди.

У ўзининг «Шоҳи сўзана», «Оғриқ тишлар», «Тобутдан товуш», «Аяжонларим» комедиялари билан ўзбек драматургияси ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Айниқса, «Шоҳи сўзана» пьесасида драматург қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзуини зўр маҳорат билан ёритди. Пьеса республикамиз ва қатор хорижий мамлакатлар саҳналарида муваффақиятли намойиш қилинди.

У «Ўтмишдан эртаклар» қиссаси учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор таржимасида Н.В.Гоголнинг «Ревизор», Л.Н.Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» ва бошқа роман ҳамда асарларни ўз она тилларида ўқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор мустақиллик йилларида ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА