
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида МДҲ давлатлари илмий-ижодий зиёлиларининг анъанавий ХУI форуми бўлиб ўтди. Адабиёт, маданият ва санъат, театр ва кино намояндалари бугунги мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний қадриятларга риоя қилиш, улуғ адиб Чингиз Айтматов сўзлари билан айтганда, “Инсонни инсон мақомида сақлаб қолиш” учун ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Нотиқлар бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Форумда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ва ёш ҳайкалтарош Баҳром Норбоевга “Ҳамдўстлик юлдузлари” мукофоти топширилди.
Дунё ҳикматлар хазинасига тўла уммонга ўхшайди. Бу хазинада олис ўтмишдан, одамлар, мамлакатлар, тузумлар тарихи ва тақдиридан келиб чиқадиган ва бугун учун ҳам ғоят аҳамиятли сабоқлар кўп. Гап уларни англаш, ўтмиш хатоларини такрорламаслик, буюк аждодлар меросидан тўғри ва унумли фойдаланишда.
Бунинг учун кўп нарса керак эмас, бугунги авлод тарихий мерос ва тажрибани унутмаса, миллий хотира заифлашмаса, ўзликка қайтиш жараёни тўхтамаса, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш туйғуси сусаймаса бўлди.
Ҳаётнинг ўзи бир мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишни кун тартибига қўймоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз”, деган шиори бир мамлакат ҳудудидан чиқиб, дунёга ёйилиб улгурди: “Бир бўлсак, бу она сайёрада тирикликни сақлаб қоламиз, бирлашсак – торбора куч олиб келаётган иқтисодий, табиий ва ижтимоий муаммоларни кенг кўламда ҳал қила оламиз”.
Инсоният учун ягона бешик бўлиб турган Ер шарининг тақдири, она заминнинг эртанги куни, келажак наслларнинг ризқ-насибаси инсониятнинг шу кунги ва бундан кейинги, фақат бир минтақа ёки бир миллат манфаатларини эмас, барча-барчани ўйлаб қиладиган ҳаракатларимизга, бир-биримизни тушунишимизга, умуммаънавий ва ахлоқий қадриятларимизга боғлиқ бўлиб турибди. Бунинг бир неча асослари бор, албатта.
Муттасил ўзгариб, шу билан бирга, мураккаблашиб бораётган бугунги дунёнинг муҳим хусусияти шундаки, эндиликда жаҳоннинг ўта ривожланган, иқтисодий жиҳатдан бақувват, қўлини қайси томонга узатса етадиган давлати ҳам ўз ҳолича, бошқалардан узилган ҳолда, ижтимоий-сиёсий, илмий-техникавий, маданий-маърифий алоқаларсиз яшай олмайди. Чунки янги шароитнинг янги муаммолари мазмун-моҳиятига кўра кенг қамровли бўлиб, уларни фақат биргаликда, бамаслаҳат, ҳар бир томон манфаатидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш мумкин. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дунё ва минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик, дўстлик, қардошлик, манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш, амалий натижалар билан бойитишга доир сиёсати узоқ-яқин мамлакатларда ҳам ғоят хушнудлик билан кутиб олинди. Бу сиёсат мамлакатимизни жаҳон ҳамжамиятига янги қиёфада намоён этмоқда. Бизга ёндош мамлакатларда бу йўлнинг ижобий натижалари, давлатлараро муҳим битим ва келишувлар, чегаралардаги сунъий тўсиқларнинг олиб ташланиши, мамлакатимизда ташқи инвесторлар учун ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган фаолият муҳитнинг юзага келиши расман эътироф этилаётир.
Халқлар ўртасида дўстлик, ўзаро ишонч туйғусини мустаҳкамлашда адабиёт ва маданият муҳим аҳамият касб этади. Буни биргина ўзбек-қирғиз адабий алоқаларида ҳам кўриш мумкин. Қирғизистон халқ ёзувчиси Али Тўқамбоев бундан етмиш беш йил аввал Алишер Навоий ҳақида илмий мақола ёзди, “Лайли ва Мажнун” достонини қирғиз тилига ўгирган таржимонларга бош-қош бўлди. Устоз Миртемир улкан “Манас” эпосининг биринчи қисмини зўр маҳорат билан ўзбекчага ўгирди. Атоқли адиб Чингиз Айтматов ушбу таржимани юксак баҳолади. Эллигинчи йиллардан бошлаб мамлакатимизда қирғиз тилидан таржима қилишга эътибор кучайди. Бу даврда атоқли адиб Тугалбой Сидиқбековнинг “Замонамиз кишилари”, “Тоғ болалари” ва “Тоғлар орасида” номли уч романи Илёс Муслим ва Қодир Аҳмадий ўгирмасида чоп этилди. Шукурбек Бейшеналиевнинг болалар учун ёзган “Балли”, “Қичан” номли икки қиссаси, Муса Жонғозиевнинг “Ажойиб тоғлар” шеърлар тўплами, “Мовий Иссиқкўлда” қиссаси каби ўнлаб асарлар ўзбек ўқувчилари қўлига бориб етди.
Шундан кейинги йилларда қирғиз адабиётининг мумтоз вакили Тўқтағулга бағишланган тўпламлар, А.Тўқамбоевнинг “Дўстларимга”, Суюнбой Эралиевнинг “Тоғлар фарзандиман”, Темирқул Уметалиевнинг “Тўрғай навоси”, Сооронбой Жусуевнинг “Довон” шеърлар тўпламлари, Ш.Абдирамановнинг “Танишларим”, Тўлаган Қосимбековнинг “Синган қилич” романи, Мар Бойжиевнинг “Менинг олтин балиқчам” насрий асари, қатор драмалари нашр этилди. Болалар учун қирғиз халқ эртакларидан иборат “Бир қалпоқ олтин”, “Сеҳргар билан бола” сингари китоблар жажжи ўқувчиларга яхши совға бўлди.
Қирғиз бадиий сўз санъатининг ўзбек хонадонларига кириб келишида икки улкан адабий воқелик – “Манас” эпоси ҳамда улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов асарларининг ўрни беқиёс. “Манас” эпоси қисқартирилган вариант тарзида 1958 йили биринчи марта илк бор уч жилд (тўрт китоб)да нашр этилган. Бу ноёб тарихий ёдгорликни кейинчалик ўзбек тилига ўгиришда устоз Миртемир, Султон Акбарий, Турсунбой Адашбоев, Зуҳриддин Исомиддиновларнинг хизматлари катта бўлди. Чингиз Айтматовнинг асарларини Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев, Абдураим Отаметов, Маҳкам Маҳмудов, Нурали Қобул каби мутаржимлар беқиёс меҳнат қилишди. Сўнгги янгилик – атоқли қирғиз адиби Тугалбой Сидиқбеков қаламига мансуб “Кўк ялов” тарихий романининг ўзбек тилига ўгирилиши (таржимонлар Улуғбек Абдусаломов, Ҳилола Абдусаломова) ва “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилниши, истеъдодли носир Султон Раев ҳикояларининг ўзбек ўқувчиларига етиб бориши бўлди. Айни кунларда улуғ адиб Чингиз Айтматов асарларининг ўн жилдлиги нашрга тайёрланмоқда.
Бир қарашда муаммо йўқдай. Адабий-маданий алоқалар аввалги сўронли шуҳратига қайтмоқда. Кекса авлод хотирасига маржондай муҳрланиб қолган Тошкент кинофестивали, Ҳиндистонни Бобур мирзодан кейин иккинчи марта забт этган (Жавоҳарлаъл Неру) машҳур “Баҳор” ансамбли тикланди. Ёзувчилар уюшмасининг бугунги халқаро алоқалари ҳавасга арзигулик. Бадиий таржима борасида фахр билан тилга олинаётган ишларимиз бор. Хорижий нашриётларда ўзбекистонлик муаллифларнинг китоблари чоп этилмоқда.“Жаҳон адабиёти” журнали атрофида йирик-йирик асарларни бевосита аслиятдан ўгиришга қодир иқтидорли таржимонлар шаклланаётир. Аммо, хотиржам бўлишга эрта.
Таржимон нечоғли маҳоратли бўлмасин, аслият тилини чуқур билмаса, бадиий таржимага оид назарий асослардан бохабар бўлмаса, талаб даражасидаги натижага эриша олмайди. Бу гап бирор қисса ёки романни инглиз, француз, корейс ёки араб тилидан ўзбек тилига ўгираётганларгагина эмас, қирғиз, қозоқ, тожик, туркман, қорақалпоқ, турк, озарбойжон тилларидан таржима қилаётганларга ҳам тааллуқли. Негаки, бу ёндош тилларни тушуниш ғарб тилларини тушунишчалик мураккаб бўлмаса-да, ҳар бир тилнинг фақат шу тилгагина хос бўлган кўпдан-кўп сўз ва атамалари борки, таржимон уларни тўғри англаши учун кўп меҳнат қилиши керак. Бир -икки мисол. Қирғиз тилида йил фаслларидан бири “жаз” дейилади. Ёш таржимон бу сўзни “ёз” деб ўгириши мумкин, холбуки, “жаз” қирғизчада “баҳор” дегани. Шу тилда “тузох” деган сўз бор. Кўплар уни “тузоқ” деб тушунади, аслида “тузох” – дўзах дегани.
Бундай мисолларни бошқа ёндош тиллардан ҳам келтириш мумкин. Нима қилиш керак? Тезроқ яхши амалий натижа берадиган тадбирларга ўтишимиз зарур. Бугун замонавий дунё илми инглиз тилида бўлгани учун бу тилни ўрганишга жиддий эътибор берилмоқда. Хитой, япон, корейс тилларини ҳам жадал ўтганмоқдамиз. Фикримча, ёшларимиз бу тиллар қаторида қирғиз, қозоқ, тожик, тукман, қорақалпоқ тилларини ҳам билсалар, луғатшунос олимларимиз, масалан, “Ўзбекча-қозоқча”, “Қозоқча-ўзбекча”, “Ўзбекча-қирғизча”, “Қирғизча-ўзбекча” каби ихчам сўзликлар устида иш бошласалар бағоят маъқул иш бўлар эди. Бу таклифнинг яна бир зарурияти шундаки, юқорида келтирилган тиллардан ўзбек тилига ўгирилган асарларни санаб саноғига етиш қийин. Биргина “Манас” эпоси бир неча марта ўзбекчага ўгирилган, аммо “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонларимизнинг бошқа қардош тилларга таржима қилингани ҳақида бундай дея олмаймиз. Бундан англашиладиган хулоса шуки, адабий-маданий алоқалар икки ва кўп томонлама бўлгандагина яхши натижа беради.
Бадиий адабиёт хазинасини ўзининг дурдона асарлари билан бойитган Чингиз Айтматовнинг ижоди билан таниш бўлмаган китобхонни топиш қийин бўлса керак. Адиб асарлари дунёнинг барча қитъаларида севиб ўқилади. Ҳар бир миллат вакили уларни мутолаа қилар экан, ўзи, миллати ва ватани учун даҳлдор кўп нарсаларга дуч келади. Асар қаҳрамонлари у билан замондош, тақдирдошдай айримларини ҳаётда кўргандай, мулоқотда бўлгандай туюлади.
Адиб ижоди Ўзбекистонда кенг тарқалган ва чуқур ўрганилган десак, муболаға бўлмайди. Бунда юқорида номлари келтирилган таржимонлар билан бирга, Ғайбулла Саломов, Акмал Саидов, Сайди Умиров, Париза Муҳаммаджонова каби таниқли олимларнинг хизмати катта. Айтматов феноменини илмий жиҳатдан ўрганаётган тадқиқотчилар сафида Маҳкам Маҳмудов, Йўлдош Солижонов, Илҳом Ғаниев, Адҳамбек Алимбеков, Ойбиби Искандарова, Вафо Файзуллоҳ, Сувон Мели, Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар бор. Ҳар йили мамлакатимизда адиб ижоди хусусида кўплаб тадқиқот китоблар чоп этилаётгани ғоят қувонарлидир.
Адибнинг тоғ ва дашт мавзусидаги қисса ва романлари китобхонни буюк истеъдод эгаси Чингиз Айтматовнинг янгича қарашли бадиий оламига олиб кирди. Устоз Ғайбулла Саломовнинг адиб ижодининг сермаъно қирралари тўғрисидаги тадқиқотлари Чингиз оғага муҳаббатимизни оширди. Икки ёндош, қондош халқ орасидаги азалий дўстлик ришталари, адабий, маданий алоқалар адибнинг маҳоратли қалами, журъатли сўзи, беғубор қалби, шунингдек, Чингиз оғанинг ўзбек халқига бўлган алоҳида меҳр-муҳаббати боис янада ривож топди.
“Айтматов ижоди бизга кўп жиҳатдан сабоқ бергулик мактабдир,− деб ёзган эди Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов,− Менинг учун Айтматов сабоқларидан бири қуйидагича: Чингиз оға ўзининг бениҳоя жасур истеъдоди билан ҳар қандай маҳдуд, қийин шароитда ҳам ҳақиқатни қиёмига етказиб, ўринлатиб айта билишини исботлади. Адибнинг “Алвидо, Гулсари” асарини эсланг. Асар қаҳрамони Танабойнинг ҳам, унинг содиқ йўлдоши Гулсари лақабли отнинг ҳам навқирон чоғлари жамият хизматига сарф бўлди. Бироқ, улар қартайгач назардан, эътибордан қола бошладилар. Ёзувчи мана шу фикрни мураккаб шароитда катта маҳорат билан бадиий асарга айлантирди. Бу гап бугунги кунда ҳам ўз актуаллигини, ҳаётий қимматини йўқотган эмас. Албатта, ҳар қандай буюк адибнинг ҳам ўз услуби, оҳанги бўлади. Толстойни Достоевскийдан фарқлашда доҳиёна белгиларни илғаш мумкин бўлганидек, Айтматов ижодини кузатганда ҳам фақат унга хос бўлган фазилатларни дарҳол топа оламиз. Булар − чуқур инсоний фалсафа ҳамда ғоят гўзал поэтик руҳдир”.
Айтматов халқимиз тарихи ва маданиятини, бой маънавий меросимизни яхши билар, чуқур ҳис этар, буюк алломаларимиз билан ўзбек халқи каби фахрланарди. Унинг қисса ва романлари, публицистик мақолалари, долзарб маърузаларида халқимизнинг шонли тарихи, аждодларимизнинг оламшумул кашфиётлари, Самарқанд, Бухоро, Хива каби мозийга шоҳид шаҳарларни бунёд этган архитекторлар билан фахрланиш, Орол кўлининг тақдирига куюниш, ўзи оқ, аммо иши, машаққати қора, харид нархи паст пахта ҳақида мушоҳада юритиш кўплаб учрайди.
«Жамила»даги Дониёр бизга ёт эмас. Турмуш бу муштдек болани не куйларга солмаган, тирикчилик дардида у қаерларга бош урмаган. Дониёр кўп вақт Чақмоқ даштида қўй боқиб юриб, вояга етгач, жазирама чўлларда канал қазиган, янги тузилган хўжаликларда пахта экиб, экин суғориб, охири Оҳангарон шахталарида ишлаб, ўша ердан армияга кетган эди.
«Чўққида қолган овчининг оҳи-зори»да Чингиз Айтматов Соҳибқирон Амир Темурнинг Шероз шаҳрида ҳофиз Шерозий билан бўлган учрашувини ёдга олиб, улуғ ҳукмдорнинг қуйидаги сўзларини келтиради: «Ўз шоирини излаб юрган подшонинг қўл остидаги халқ бахтли бўлади. Бироқ, ўз ҳукмдорини излаб юрган шоирнинг халқи бахтсиздир».
Таниқли қирғиз драматурги Мар Бойжиев бундан бир неча йил аввал ўзбекистонлик зиёлилар билан суҳбатда: “Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ўзгаришларни, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсатни ҳавас билан кузатиб турибмиз. Улуғ миллатдошимиз Чингиз Айтматовга бўлган ҳурмат-эҳтиромдан мамнунмиз. Қардош жумҳуриятларда ўтказилаётган адабий-маданий тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстликни олтин кўприкка айлантиради.
Илдизлари бир элмиз, урф-одатларимиз, мақсад-муддаоларимиз бир. Шундай экан, бир-биримиздан узоқлашмаслигимиз керак”, деган эди. Бу эътироф Чингиз Айтматовнинг Тошкентда Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясининг очилишида ёш ижодкорларга қарата айтган қуйидаги сўзларини ёдга солади: “Бир-бирингиздан узоқлашиб кетманглар, чунки бир-бирингизни ўқимасангиз, борди-келди қилмасангиз, вақти келиб таржимон орқали мулоқот қилишингизга тўғри келади. Шундай экан, кейинчалик тузатиш қийин бўлган хатога бугун йўл қўйманглар”.
Тўрт кунлик сафар давомида “Адабиёт, маданият миллатни юксак инсоний фазилатлар даражасида, миллатлараро муносабатларни баланд мақомда ушлаб турувчи, минтақа халқларининг умумий келажак йўлини ёритувчи кучдир”, деган фикр устуворлик қилди. Қирғиз халқ шоири Хўжакелди Қултегин ёзганидек:
Одамларга кенг очсанг гар қучоғинг,
Кўнглинг ўсар, қутга тўлар ўчоғинг.
Қучоқ очиб келгай сенга қувонч, бахт,
Яхши ўтгай бу чоғингу у чоғинг.
Бир-бирини суюб, қирғиз қир ошган,
Иттифоқлик қурса, иши юришган;
Курашса ҳам бир-бирини енгай деб,
Бел олишиб, қучоқлашиб курашган.
Форум доирасида Москвадаги М. Горький томидаги Адабиёт институти ва “Жаҳон адабиёти” журнали ўртасида бадиий таржима соҳасида ижобий ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Аҳмаджон Мелибоев,
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири.
ЎзА