
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилоят бошқармаси томонидан иш ҳақини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, айниқса фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида судларнинг иш ҳақларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари ижроси юзасидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 3 миллиард 670 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундирилиб, 683 нафар ишчи-ходимнинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туман судининг 2022 йил 2 октябрдаги “Электрокимёзавод” акциядорлик жамиятидан 245 нафар ишчи-ходимлар фойдасига 945,6 миллион сўмлик иш ҳақини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати дарҳол ижро қилиниши лозимлиги сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 945,6 миллион сўмлик иш ҳақлари тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туман судининг 2022 йил 24 мартдаги Навоий вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан 79 нафар ходимнинг фойдасига 426,2 миллион сўм иш ҳақларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари юзасидан ҳам олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ходимларнинг иш ҳақлари тўлиқ ундирилиши таъминланди.
ЎзА