
“Ёшлар дафтари” ёшларга яратилган имкониятлардан бири бўлиб, бугунги кунда 29 минг 206 нафар ёш ушбу дафтарга киритилган. Жорий йилда ҳам 40 минг 932 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилиб, шундан уларнинг 11 минг 726 нафарига манзилли кўмак берилди.
Хўш, “Ёшлар дафтари”га кирганларга қайси йўналишларда кўмак кўрсатилмоқда? ОТМга шартнома асосида кирган ёшларга тўловнинг қанча миқдори тўлаб берилади?
– “Ёшлар дафтари” ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа турдаги қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назорат қилиб бориш тизими ҳисобланади, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигига кўмаклашиш бошқармаси бош мутахассиси Шохинур Давлатжонов. – Дафтарга маҳаллалар кесимида 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшлар киритилади.
– “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга қайси йўналишларда кўмак кўрсатилади?
– Тизим орқали моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, бемор ёшларни даволаниш харажатларини қоплаш, психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга психологик хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш, ёш оилаларга қўшимча уй-жой қуриш учун ажратиладиган имтиёзли кредит учун кафиллик бериш ҳамда ёшларнинг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш учун субсидия бериш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадалини тўлиқ миқдорда қоплаш учун, деҳқончилик ва томорқа хўжалигини юритиш билан шуғулланаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини-ўзи банд қилиш учун асбоб-ускуналар ёки меҳнат қуролларини харид қилишга субсидиялар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти ва ўзини-ўзи банд қилиш учун ёш тадбиркорларга нотурар жой ижараси харажатларини қоплаш белгиланган.
– ОТМга шартнома асосида кирган ёшларга тўловнинг қанча миқдори тўлаб берилади?
– Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида, магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётганларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
Бу жараён ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Яъни тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб берилади. Иккинчи ва ундан кейинги мутахассислик, қўшма таълим дастурлари бўйича, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таълим олаётганлар бундан мустасно.
Ўтган 2022 йилда ушбу имтиёз доирасида республика бўйича 57 мингга яқин талабаларга “Ёшлар дафтари” жамғармаларидан 167 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда ёрдам кўрсатилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА