
АОКАда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов томонидан брифинг ўтказилди.
— Бугунги кунда юртимиздаги 1110 та корхонада сифат менежмент тизимлари жорий этилди. Шунингдек, 150 та корхонага халқаро Oeko Tex, Sedex, СE маркировка ва бошқа стандартларни жорий этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Режага асосан бугунги кунда тўқимачилик соҳасидаги 70 та корхонага Oeko Tex, 4 та корхонага Sedex, 1 та корхонага халқаро стандартлари ва электротехника соҳасидаги 6 та корхонага СE маркировка жорий қилинди. Шундан, 241 та экспортёр корхоналар томонидан маҳаллий маҳсулотлар 31 та Европа давлатларига экспорт қилган, — дейди А. Расулов.
Дарҳақиқат, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 203 та корхонага 403 та сертификат олишида молиявий ёрдам кўрсатилди. Экспортёр корхоналарда сифатга эришиш бўйича 3085 нафар мутахассиснинг малакасини ошириш юзасидан ҳудудлар ва корхоналар кесимида режа жадвали тасдиқланди.
Режага мувофиқ жорий йилнинг август-сентябрь ойларида халқаро экспертларни жалб этган ҳолда 3085 нафар мутахассис учун семинар-тренинглар ташкил этилди.
Европа мамлакатларида қўлланиладиган 1500 та стандарт жорий қилинадиган 300 та корхона рўйхати шакллантирилиб, манзилли ишлар йўлга қўйилди.
300 та корхонада бириктирилган масъуллар томонидан профилактика тадбирлари ўтказилди. Натижада ушбу корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун зарур бўлган халқаро стандартлар аниқланди ва жорий этиш афзалликлари тушунтирилди, халқаро сифат менежмент тизимини жорий қилиш афзалликлари тўғрисида ҳамда "GSP+“ тизими ҳақида тушунчалар берилди. Европа Иттифоқи талаблари ”GSP+", халқаро стандарт хамда сифат менежмент тизимларини жорий этиш тартиби тўғрисида тайёрланган қўлланма билан таъминланди.
Шу билан бирга, агентлик томонидан 1408 та маҳаллий экспортёр корхонага консультатив хизматлар кўрсатилди.
Экспорт ҳажмларининг ўсишига асосий драйвер соҳалар сифатида белгилаб олинган 4 та тармоқлар ҳамда юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарда сифат менежменти тизимини жорий этиш ҳолати таҳлили ўтказилди.
2023 йилда экспорт ҳажмларини 2 баробаргача ошириш бўйича аниқ режалар ва амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, GSP+ доирасида маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналардаги 3 085 нафар мутахассисни, шундан 400 нафар лаборатория ходимининг малакасини оширишга Германия, Туркия, Англия, Латвия, Испания, Россия, Беларуснинг халқаро экспертларини жалб қилиш, GSP+ доирасида халқаро стандартларда жорий қилинган корхоналар сонини 2 баравар ошириб, 1 200 тадан 2 400 тага етказиш ва 1 200 дан ортиқ халқаро стандартларни давлат тилига таржима қилиш ҳамда давлат фондига киритиш режалаштирилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА