English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
1984 йил эрта тонг: Ҳайит намозини ёмғир остида, далада ўқиганмиз
07:21 / 2022-05-02

Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

Бугун халқимизга мана шундай имконият туҳфа этилгани,  улуғ неъмат – тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳар бир  юртдошимиз қалбида жўш урмоқда. Айниқса, рамазон ва қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами сифатида нишонланаётганлиги, ушбу муборак кунлар дам олиш куни деб белгиланганлигидан юртдошларимиз беҳад мамнун бўлмоқда.

– Саксон беш ёшни қоралаяпман, – дейди Марҳамат туманидаги  Ўқчи маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Сатторали Обиддинов. – Бугун  Рамазон ҳайити намозини ўқидик. Масжидимизда намозхонларга яратилган шароитларни кўриб, беихтиёр кўзимга ёш келди. Чунки хаёлимга ҳайит намозлари ўқилиши таъқиқланган собиқ шўро давридаги одамларнинг сарсон-саргардон бўлиши, таҳқирланиши келди.

Адашмасам, 1984 йил эди. Эрта тонгдан ҳамма Ҳайит намозини ўқиш учун “Миришкор ота қабристони” этагидаги масжидга ошиқарди. Мен ҳам ўғлимни олиб масжидга бордим. Лекин масжид атрофи одамлар билан тўла, милиция ходимлари ҳеч кимни ичкарига қўймаётган эди. “Хайит намози ўқилмайди, уйингизга кетиинглар”, деган буйруқнамо хитоб эшитиларди. Одамлар орқага қайтишни истамас, дақиқа сари кўпайиб борарди.  Шунда қишлоқ оқсоқоллари маслаҳатлашиб, намозни масжид ёнидаги далада ўқиймиз дейишди. Ўшанда икки минг чоғли одам ҳайит намозини ёмғир остида, очиқ майдонда ўқидик.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бугун ибодат қилишимиз, намоз ўқишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Масжидларимизда таҳорат олиш, намоз ўқиш, ибодат қилиш учун зарур барча шароитлар яратилган. Минглаб юртдошларимиз қатори ҳаж сафарини адо этдим. Бунга беадад шукрлар келтираман. Илоҳим, тинч-осойишта, инсонлар қадри улуғланаётган юртимизга кўз тегмасин.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Рамазон ҳайити муносабати билан беш кун дам олиш куни этиб белгиланганлигидан юртдошларимиз беҳад мамнун бўлмоқда. Бундай эътибор одамлар қалбида диний қадриятларимизни улуғлаш, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик учун шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
ЎзА