English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
17 ёшли абитуриент қиз ростдан ис газидан заҳарланиб вафот этдими?
09:25 / 2022-11-24

Журналистик суриштирув

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 20 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри Маҳаллот маҳалласи Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган уйда ижарада яшаб келаётган қиз ис газидан заҳарланиб вафот этгани тўғрисидаги хабар тарқалди.  

Хабарда таъкидланишича, 2005 йилда туғилган қизнинг жасади ҳаммомдан топилган. У ҳаммомда ис газидан заҳарлангани, марҳума Косон туманида истиқомат қилгани, Қарши шаҳридаги ўқув марказида таҳсил олаётгани учун Маҳаллот маҳалласидаги хонадонда ижарада яшагани айтилган.  

Хўш, аслида воқеалар қандай бўлган. Марҳума ростдан ҳам ис газидан заҳарланганмиди?  

Ушбу ҳолат юзасидан ЎзА мухбири журналистик суриштирув олиб борди.  

Дастлаб марҳума яшаган Қарши шаҳридаги Маҳаллот маҳалласида бўлдик. Маҳалла раиси билан суҳбатлашдик.

– Ушбу ҳолатдан 20 ноябрь куни эрталаб хабар топдик, – дейди Маҳаллот маҳалласи раиси Гулжаҳон Эркаева. – Шундан сўнг маҳалла фаоллари билан биргаликда ҳолат юз берган хонадонга бордик. Марҳума ростдан ҳаммомда ётарди. Бўлган воқеа юзасидан уй эгалари, марҳуманинг хонадоши билан суҳбатлашдик. Уларнинг маълум қилишича, марҳума ўша куни тонг саҳарда бомдод намозини адо қилиш мақсадида таҳорат олиш учун ҳаммомга кирган. Анча пайт чиқмай қолгач эшикни бузиб киришган. Қизча беҳуш бўлган. Шундан сўнг тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишган. Улар келгач вафот этгани аён бўлган. Сўнг тегишли органларга хабар қилинган. Менга маълум бўлгани шу. Маҳалламиз атрофида олий ўқув юрти, ўқув марказлари жойлашгани боис ижарада турувчи йигит-қизлар кўп. Улар билан доимий равишда профилактик тадбирлар олиб борамиз.  

Шундан сўнг марҳума ижарада яшаган уй эгалари билан суҳбатлашдик.  

– У қизалоқ ўзимизнинг фарзандимиздек бўлиб қолган эди, – дейди уй соҳиби. – Ножўя ҳаракатларини сира пайқамаганмиз. Бўш вақти бўлганда онамга ёрдамлашарди. Наилож умри қисқа экан. Ўша куни онажонимни туғилган куни эди. Тонг саҳар шу ҳолат юз берди. Энг ёмони ис газидан захарланди деган маълумот ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалиб кетди. Ким хабар қилганига ҳам тушунмай қолдик. Ҳаммом эшигини бузиб кирганимизда у беҳуш ётарди. Йиқилган вақтда елкаси қизиб турган трубага тегиб қолгани учун озгина куйган экан. Тез ёрдамга хабар қилдик. Лекин улар ниҳоятда кеч келишди. Тахминан 45-50 минутларда келишди. Текшириб кўргач вафот қилганини айтишди. Лекин машинасига ортишмади. Ис газидан захарланган деган хабар мутлақо ёлғон. Боиси ўша куннинг ўзидаёқ хабар тарқалгач эрта тонгдан газ ташкилотидан, фавқулодда вазиятлар бошқармасидан мутахассислар келиб ҳамма ускуналарни текшириб чиқишди ва ҳеч қаердан ис гази чиқмаганини тасдиқлаб кетишди.  

Журналистик суриштирувни Қарши шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали тез тиббий ёрдам станциясида давом эттирдик. Ўша куни тез тиббий ёрдам бригадаси уй эгаси таъкидлаганидек, ҳақиқатдан кечикиб келганмиди? Марҳумага қандай ташхис қўйилган? Унда ҳақиқатда из газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилганми? Ушбу саволлар билан  тез тиббий ёрдам станцияси масъулларига мурожаат қилдик.  

– Шу ерда бош шифокорман. Ўша куни хонадонга етиб борган бригада текширганда қизалоқда тириклик белгилари йўқлигини, елка соҳасида куйиш аломатлари борлигини, уй эгалари касалхонага олиб бориш кераклигини айтаётганини билдиришди, – дейди Сайёра Пўлатова. – Шундан сўнг кардиолог шифокорни жўнатдик ва у ҳам вафот этганини тасдиқлади. Сабаби агар одам вафот этган бўлса, биз уни жойидан қимирлатмаган ҳолатда тегишли органларга хабар беришимиз керак. Шунчаки уни олиб кета олмаймиз. Бир соат кечикиб келди, деган гап асоссиз. Чунки ўша куни эрталаб чақирув жуда кўп бўлди. Шуни ҳисобига озроқ ушланиб қолган бўлиши мумкин. Кейин чақирувни бетоб бўлиб қолди, дея хабар қилишган бизга.  

Ўша куни текширувга борган бригада вакиллари тўлдирган карталарни кузатдик. Уларда жасаднинг умумий ҳолати, баданининг турли соҳаларида шилинишлар борлиги қайд этилган, аммо ис гази аломатлари ҳақида ҳеч бир маълумот ёзилмаган.

Ҳолатга янада аниқлик киритиш учун марҳуманинг яқинлари билан суҳбатлашиш мақсадида Косон туманидаги Тайзан қишлоғига ҳам бордик. Марҳуманинг отаси, амакиси ва тоғаси билан гаплашдик. Интервью беришни хоҳламасада воқеа юзасидан баъзи маълумотларни айтиб ўтди.  

Отасининг таъкидлашича, фарзанди ис газидан заҳарланмаган, балки ҳаммомда сирпаниб йиқилиш оқибатида, орқа миясидан кучли жароҳат олиш натижасида вафот қилган. Чунки, ўша пайтнинг ўзидаёқ жасадни тиббий экспертизадан ўтказишган. Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ёлғон ва бу марҳуманинг яқинларини жуда ранжитган.  

Қашқадарё вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

 

Ўлмас Баротов,  

ЎзА