English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
166 минг нафардан зиёд аҳолини ўйлантириб келаётган муаммолар барҳам топмоқда
16:11 / 2022-10-05

Президент Халқ қабулхоналари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида ҳам муаммоларни комплекс ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Хусусан, Жиззах вилоятида ижтимоий шарт-шароити нисбатан оғир ҳудудлар сирасига киритилган 40 та маҳалла фуқаролар йиғинида жами 101 та қишлоқ жойлашган. Жорий йилнинг ўзида 28 та маҳалла ва улар таркибидаги 40 дан зиёд чекка ва олис қишлоқларда инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг даромадли бўлиши, тадбиркорлик ҳамда бандлик борасидаги ташаббусларига тўсиқ бўлаётган масалаларни ҳал этишга эришилмоқда. 

Жумладан, Арнасой туманининг Бобур маҳалласида рўй берган ўзгаришлар 766 та оила, қарийб 3,5 минг нафар аҳолининг ҳаётига рўшнолик олиб келди. 



Маҳалладаги қарийб 2 километр ички йўл, Ибн Сино ва "Маърифат" кўчалари асфальт қилинди. 20 дона бетон таянч ўрнатилиб, жами ҳисобда 3,5 километр ҳаво тармоқлари тортилди, яна шунча алоқа кабеллари ўтказилди, трансформаторлар янгиланди. "Ўрикли" кўчаси аҳолисига ичимлик суви етказиб берилди. 

Арнасой туманидаги марказдан олис "Чинобод" маҳалласи пайдо бўлганидан буён ўтган 50 йил давомида "Қозоқовул" кўчасининг йўли тупроғу лой, бу ердаги одамлар сувни ташиб ичган. 1,3 млрд. сўм маблағ эвазига "Қозоқовул", "Чинобод", "Мустақиллик" кўчаларида яшовчи 100 хонадонга ичимлик сув тармоғи тортилиб, ҳисоблагич ва кранлар ўрнатиб берилди. 

Маҳалланинг 2 км. марказий кўчалари асфальт ва цемент бетон қилинди. Тармоқларда олиб борилган янгилаш ва таъмирлаш ишларидан сўнг электр энергияси таъминоти яхшиланди. Бундан ташқари, ҳудуддаги 12-умумтаълим мактаби таъмирланди. 

"Гулзор" маҳалласи — Мирзачўл туманининг Айдаркўлга ёндош энг чекка аҳоли пункти ҳисобланади. Йиллар давомида йиғилган муаммолар залворидан халос бўлиш нима эканини фақат мана шу ернинг одамлари, 242 та хонадонда яшовчи инсонлар яхши тушунтириб бера олиши мумкин. 

Мазкур "Гулзор" маҳалласида барча кўчалар таъмирланди, 4,5 – 5,5 метр кенгликда 7 километрдан зиёд асфальт ва цемент бетон ишлари бажарилди.  



Шулар қаторида ҳимояланган 3,2 километрлик ҳаво тармоқлари тортилиб, 55 дона таянч бетон устунлар ўрнатилиши натижасида электр энергия, мунтазам ташиб келтирилиб, қўшимча баллонлар ажратилгани ортидан суюлтирилган газ таъминоти яхшиланди. 9,5 км. янги тармоқлар барча хонадонларга ичимлик суви олиб келган бўлса, яқин ҳафталарда 2 километр ирригация тармоқлари ҳам янгиланиб, оқар сув муаммоси барҳам топади. 

Ғаллаорол туманидаги "Қипчоқсув" ҚФЙ туман марказидан 50 чақирим олисдаги энг чекка ҳудудлардан бири. Эътибор беринг, Қипчоқсув қишлоқ фуқаролар йиғини Хитоюз, Толлисой, Ширинбулоқ, Кичиксой, Солин, Каттасой, Қўрғончол, Қўшбулоқ, Сафарбулоқ, Довул, Нахрач, Қайрағочли каби 12 та қишлоқдан иборат бўлиб, 38 та ички йўллар мавжуд. Шу пайтга қадар йўлларнинг асосий қисми тупроқ йўл бўлган. Ўтган даврда Хитаюз, Қўрғончол, Солин қишлоқларида ички йўллар қум-шағал аралашмали қаттиқ қопламага ўтказилди. Солин ва Толлисой қишлоқларини боғловчи йўлларнинг 1 км. бетонлаштирилиб, 1,2 км.га асфальт ётқизилди. 

Ичимлик суви масаласи олис қишлоқнинг оғриқли муаммоларидан бири эди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида ҚФЙдаги Солин, Қўрғончол ва Каттасой қишлоқларининг ҳар бирида биттадан артезиан қудуғи қазилиб, Солин қишлоғида 6 км, Каттасой қишлоғида 1,5 километрли ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари давом этмоқда. 

Худди шу каби Ширинбулоқ қишлоғида эскирган 80 та симёғоч ва трансформатор янгиланиб, ярим асрлик тармоқлар ўрнига 2 километрдан зиёд ҳимояланган кабель тортилди. Солин ва Довул қишлоқларидаги трансформатор ҳам янгиланди. 

Жараёнда узоқ манзилларнинг йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан бирга, ижтимоий соҳа объектлари ҳам қайта юз очмоқда. Жумладан, Қипчоқсув фуқаролар йиғини учун янги бино қуриб битказилди. Солин қишлоғида 180 ўринли 3-сонли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. 3 минг 694 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган Солиндаги тиббий маскани абгор ҳолатга келиб қолган эди. Дастур асосида бу ерда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, Солинда янги деҳқон бозори қуришга киришилди. Энг олис Қўрғончол қишлоғидаги ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган, авария ҳолатга келиб қолган 40-мактаб 120 ўринли янги бинога кўчиб ўтди. 

Жиззах вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 28 та фуқаролар йиғинлари таркибидаги 40 дан зиёд қишлоқлардаги қарийб 230 км. йўлнинг аҳволи ўнгланди, 34 км. цемент-бетон, 49 км. асфальт ва 145 км.дан зиёд масофада шағал ётқизиш ишлари бажарилди, 171 км. ичимлик суви тармоғи тортилиб, 34 та сув иншооти янгидан қурилди ёки реконструкция қилинди, 6 та трансформатор янгиланди, 85 км. масофада электр тармоғи тортилиб, симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди, бундан ташқари 62,5 километр алоқа тармоқларини ишга туширилган. 

36 та ижтимоий соҳа объектларида 23,3 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган бўлиб, ушбу объектларнинг 19 таси фойдаланишга қабул қилинган. 

Бир сўз билан айтганда, йил якунига қадар бунёдкорлик ишлари олиб борилган қишлоқ ва маҳаллаларнинг 166 минг нафардан зиёд аҳолисини ўйлантириб келаётган тизимли муаммолар барҳам топади. 


Гулноза Бобоева, ЎзА