English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
153 нафар тингловчи Судьялар олий мактабини мувафаққиятли битирди
20:39 / 2024-07-16

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойилини янги босқичга кўтариш мақсадида кенг кўламли иш олиб бориляпти.

Хусусан, чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш йўлида қонунийликни таъминлаш, соҳада кадрлар тайёрлаш муҳим йўналишлардан бири. Зеро, инсон тақдири одил судлов ва судьялар қарорига узвий боғлиқ.

Ўз билимига таяниб, илдам қадам ташлаётган, турли хил вазиятда тўғри хулоса чиқара оладиган навбатдаги 153 нафар тингловчи Судьялар олий мактабини мувафаққиятли тугатди. Бугун Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Cудьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси 2023-2024 ўқув йили битирувчиларига магистр дипломи тантанали равишда топширилди.

Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Судьялар ассоциацияси раҳбарияти, суд фахрийлари иштирок этган тадбирда Судьялар олий мактабида ўқув жараёни билан ҳуқуқни қўллаш амалиёти узвий боғлиқлиги таъминланиб, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ўқув курси “70 фоиз амалиёт, 30 фоиз назария” тизими асосида ташкил қилингани қайд этилди.

Маросимда сўзга чиққан Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров 10 ойлик курс давомида Олий суд вакиллари, Кенгаш судьялари, Тошкент шаҳри ва вилояти судлари раислари ва ўринбосарлари мактаб жамоасига яқиндан ёрдам берганини таъкидлаб, машғулотларда иштирок этган судьяларга миннатдорлик билдирди.

– Бундан роппа-роса 316 кун муқаддам судьяликка номзод сифатида танлаб олинган битирувчилар ўқишга қабул қилинган эди, – деди Холмўмин Ёдгоров. – Профессор-ўқитувчилар, судьяларнинг бир йил мобайнидаги меҳнати, ўқувчиларимиз салоҳияти бугун юзага чиққани барчамизни қувонтирди. Нега биз судьялик касбига алоҳида эътибор қаратамиз, мутахассис тайёрлаймиз? Судьялик, аввало одамийлик, адолат талаб этувчи масъулиятли касб. Боиси, сиз-у бизнинг қароримиз инсонлар тақдири билан боғлиқ. Бир сўз билан айтганда, судья ким ҳақ, ким ноҳақлигини тўғри хулоса чиқариб, айта олиш керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарори билан ташкил этилган Судьялар олий мактабида ҳозирга қадар 345 нафар мутахассис таҳсил олган. Қувонарлиси, 323 нафар ёки 93 фоиздан юқори битирувчимиз бевосита судьялик фаолиятини олиб боряпти.

2023-2024 ўқув йилида жами 153 нафар – 48 киши жиноят ҳуқуқи, 47 номзод фуқаролик, 30 нафар мутахассис иқтисодий, 28 тингловчи маъмурий ҳуқуқ ихтисослиги бўйича таҳсил олди.

Анжуман чоғида 2024 йил 10 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқи ва эркинлигини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзолангани таъкидланди. Ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан суд тизимида янги институт, яъни тергов судьялари жорий этилади.

– Аёл судьялар сафини кенгайтириш мақсадида алоҳида квоталар ажратганмиз, – деди Кенгаш раиси. – Бугунги битирувчиларнинг 41 нафари хотин-қиз. Ўйлайманки, улар ҳам тегишли тартибда судьялик фаолиятини бошлаб, албатта суд тизими ривожига муносиб ҳисса қўшадиган янги кучга айланади.