
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Иккинчи йўналиш – инсон ҳаётини сақлаб қолишда тезкор, аниқ ва ўта малакали ҳаракатлар талаб қилинадиган соҳа, бу, албатта, тез тиббий ёрдам тизимидир. Мисол учун, ўткир юрак инфаркти ёки инсультда дастлабки 1 соатда кўрсатилган малакали тиббий ёрдам ҳам инсон ҳаётини сақлаб қолишга, ҳам келгусидаги оғир асоратларни камайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
–Бу соҳада ҳам кўплаб муаммолар борлигини мингдан зиёд мурожаатлар кўрсатмоқда. Биргина мисол. Касби “Тез ёрдам” бўлими ҳайдовчиси Юсупов, Ғозғон бўлими фельдшери Набиев тез тиббий ёрдам машиналари эскириб, хизмат сифатига салбий таъсир қилаётганини, жойларда реанимация машиналари етишмаслигини билдирган. Умуман, 200 дан ортиқ тез тиббий ёрдам станцияларидаги 3 мингга яқин машинанинг 75 фоизи “Дамас” автомобиллари бўлиб, уларнинг 670 таси эскирган ёки таъмирталаб аҳволда, – деди Президент. – Ёки, бугунги кунда бир туман ёки вилоятдаги тез тиббий ёрдам хизмати, масофаси яқин бўлса ҳам бошқа ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиши мумкин эмас. Мисол учун, Бухоро тумани Соҳибкор маҳалласига хизмат кўрсатувчи тез ёрдам пункти 19 километр узоқликда жойлашган ва етиб бориш вақти камида 25 дақиқани ташкил этади. Ваҳоланки, 8 километрда жойлашган Вобкент тумани тез ёрдам пунктидан ушбу маҳаллага 10 дақиқада етиб борса бўлади. Шунингдек, ҳудудларда тез ёрдам чақирувларини қабул қилиш ва тақсимлаш ҳалигача телефон орқали амалга оширилмоқда. Оқибатда тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича Халқ қабулхоналарига 2021 йилнинг ўзида 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган.
Мулоқотда шу боис, тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун, алоҳида Дастур қабул қилиниши маълум қилинди. Бунда, энг аввало, “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва эуман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади.
Энди Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлашган бошқарув тизими жорий қилинади. Янги ташкил этиладиган диспетчерлик марказлари чақирувларни беморнинг аҳволи, касаллик тури ва даражасига қараб саралайди ҳамда шунга асосан тегишли тиббий бригадаларни йўналтиради.
Бундан буён, тез ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. Шунингдек, туман марказидан 60-80 километр узоқликда жойлашган 24 та аҳоли пунктида алоҳида тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади.
Улар барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланади. 2022–2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Хусусан, 2022 йилда 890 та, 2023 йилдан бошлаб эса, ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади.
Натижада, келгуси уч йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади.
Бу мақсадлар учун, 65 миллион доллар жалб қилинади.
Ушбу чоралар эвазига тез тиббий ёрдамда чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқаради (30 дақиқадан 10 дақиқага тушади).
Аъло Абдуллаев олган суратлар.
ЎзА